Сув соҳасидаги самарали семинар

Ҳар бир даврнинг ўз муаммолари бўлиши табиий. Уни ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда ҳал этиш, оқилона ва одилона ечим топиш жаҳоншумул моҳиятга эга. Бугунги кунда сув ресурслари, уларни барқарор бошқариш ҳамда улардан самарали фойдаланишга эришиш - сув, озиқ-овқат, энергетик ва экологик хавфсизликнинг ҳал қилувчи омилларидан бири сифатида минтақанинг барқарор тараққиётида марказий ўринлардан бирини эгаллайди.

Сув ресурслари билан боғлиқ муаммоларнинг аксарият қисми трансчегаравий характерга эга эканлигини эътиборга олсак, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик нафакат минтақанинг барқарор тараққиёти балки минтақадаги ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиш стратегияси ва дастурларини самарали амалга оширишга сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатади.

Худди шу ижтимоий-иқтисодий, трансчегаравий эҳтиёжни назарда тутган ҳолда, жорий йилнинг 20 - 22 ноябрь кунлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ЮНЕСКО билан биргаликда “Марказий Осиёда сув соҳасида ҳамкорлик" мавзусида юқори даражадаги минтақавий семинар-тренинг ўтказилаётгани бежиз эмас.

Ўзбекистонда иқтисодий тараққиётнинг барча йўналишларида бўлгани каби сув хўжалиги бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугун мамлакатда сув ресурсларини бошқариш масалаларида давлатлараро ва миллий даражаларда катта ижобий натижаларга эришилди. Шу билан бирга, айниқса минтақанинг ўзига хос табиий хўжалик ва янги реалликлари шароитида умумий ва чекланган сув ресурсларини барқарор бошқариш ва улардан самарали фойдаланиш масалаларида ўзаро ҳамкорлик имкониятларидан тўла фойдаланишга эришиш доимий эътиборни ва такомиллаштиришни заруриятини тақозо этади.

Ушбу масалада нафақат бугун мавжуд бўлган, балки келгусида пайдо бўлиши эҳтимоли бўлган сув билан боғлиқ баҳс-мунозарали масалаларни биргаликда ҳал этиш бўйича минтақадаги мавжуд салохиятни доимий ошириб бориш долзарб масаладир. Айнан шу жиҳатдан, ташкил этилган минтақавий семинар-тренинг муҳим эътиборга молик.

Мазкур тадбирнинг аҳамияти ва унинг дастурига киритилган масалаларнинг муҳимлиги, семинар-тренингнинг очилиш умуммажлисида қатнашиб, унинг ишига муваффақият тилаган институт ректори профессор Ўктам Умурзоқов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мария дель Пилар Альварес Ласо хоним, Швейцариянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси жаноб Оливье Шавелар, Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Аслон Мавлонов ва бошқалар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Сув ресурслари билан боғлиқ турли соҳаларнинг юқори малакали мутахассислари ва раҳбар ходимлари ҳамда соҳа олий таълими вакиллари учун мўлжалланган мазкур семинар-тренингни ташкил этишдан мақсад жаҳондаги илғор тажрибалар таҳлили асосида тингловчиларнинг малакалари ва кўникмаларини:

- умумий сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ва барқарор давом эттириш;

- баҳс-мунозарали вазиятларни биргаликда таҳлил қилиш ҳамда уларнинг ечимини топиш бўйича музокараларга киришишнинг самарали усуллари ва механизмларини ўрганиш;

- сув дипломатияси соҳасида салоҳиятни ривожлантириш, музокараларни олиб бориш ва баҳсли-мунозарали вазиятнинг ечимини топишнинг муқобил усулларини қўллаш бўйича малака ҳосил қилиш ва оширишни ҳамда улар ўртасида фикр ва тажриба алмашиш имкониятларини яратишни ўз ичига олади.

Минтақавий семинар-тренингни халқаро нуфузга эга бўлган экспертлар: АҚШнинг Орегон штати университети профессори А. Вульф, шу университетдаги "Сув ресурслари ва сув ҳавзалари" институтининг директори доктор Т.Джарвис ва Швейцариянинг Женева университетидаги "Сув таълими ва билимлари" маркази директори доктор К. Бретаут олиб бормоқдалар.

Семинар-тренинг дастури икки қисмдан иборат. Биринчи қисм 20-21 ноябрь кунлари бўлиб ўтди ва унда турли ўйинли машқлар, умумий ва хусусий манфаатлар ва муаммоларни гуруҳларда муҳокама қилиш каби воситалар ёрдамида қатнашчиларда музокараларни олиб бориш кўникмалари ривожлантирилди. 22 ноябрь куни ўтказиладиган иккинчи қисмда эса дастур асосида қатнашчилар эътибори сув масалаларида диалогни ҳамда ҳамкорликни кенгайтириш имконини берувчи усулларга қаратилиши кўзда тутилган.

Малака ошириш жараёнида турли мамлакатлардан келган тингловчилар аралаш тузилган кичик жамоалар таркибида ўйинли машқларда иштирок этиш орқали "ҳамкорлик шартномалари" доирасидаги ўзаро фойдали бандларни шакллантириш ҳамда гипотетик сув манбасини ҳамкорликда бошқариш принципларини ўрганишади. Айни пайтда ишлаб чиқиш машқларини бажариш орқали ўз кўникмаларини оширишлари ҳам кўзда тутилган.

 

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов