Малакали кадр - юрт иқболи

Иқбол истиқлолга мазмун бахш этадиган истиқболдир. Она юрт келажаги билим, малака ва тажриба орқали эришиладиган ютуқларга боис бўлса, илм ва амалиётга эътибор юқори даражада бўлиши табиийдир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларидан бир гуруҳ вакиллар, жумладан, ТИҚХММИ "Қишлоқ ва сув хўжалиги энергия таъминоти" факультети декани Исақов Абдусаид Жалилович 2019 йил 14 октябрдан 18 ноябргача бўлган муддатда Москва шаҳридаги К.А.Тимирязев номидаги МҚХА - Россия давлат аграр университетида малака ошириб қайтди. Ўзбекистон ва Россия ректорларининг форуми резолюцияси доирасида ТИҚХММИ ҳамда К.А.Тимирязев номидаги МҚХА - Россия давлат аграр университети ўртасида имзоланган академик ҳамкорлик шартномаси бунга асос бўлди.

Малака оширишнинг асосий вазифаларидан бири мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, инновацион технологияларни ишлаб чиқаришда қўллаш, соҳани ривожлантириш бўйича ғоя ва фикрларни шакллантириш, таълим сифатини ошириш ва уни ташкил этиш жараёнини такомиллаштириш масалалари бўйича билимларга эга бўлиш этиб белгиланган. Малака ошириш дастури доирасида олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингдаги ўрни ва бунда амалга ошириш керак бўлган илмий ва ўқув-услубий ишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик фаолиятини янада ривожлантириш истиқболлари тўғрисида мулоқотлар ўтказилди.

 Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов