Халқаро анжуман ўз ишини бошлади
Бугун институтимизда ташкил этилган “Агросаноат мажмуаси учун фан, таълим ва инновация, муаммолар ва истиқболлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман муҳим масалаларга дахлдорлиги билан аҳамиятли бўлди. Конференциянинг очилиш тадбирини институт ректори, профессор Ў. Умурзаков бошқариб бордилар. Республикамизда катта нуфузга эга бўлган соҳа мутахассислари ўз маърузалари билан иштирок этишди. Сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиёти ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чоралар кўрилмоқда. Муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатимиз тараққиётини белгилашда барча соҳаларда жадаллик билан узоқ 2030 йилларга мўлжалланган стратегик йўналишларини белгилаб бердилар ва бу борада изчиллик билан ишлар олиб борилмоқда. Маълумки олдимизда аграр секторни техникалар билан таъминлашнинг барқарор тизимини яратиш, қишлоқ хўжалиги техникаларига техник сервис кўрсатиш ҳамда илм-фан билан ишлаб чиқаришни уйғунлаштириш каби кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифалар турибди.
Бу борада қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи корхоналарни модернизация қилиш ва уларнинг маҳсулотлари маҳаллийлаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида тайёрланаётган олий малакали мухандис техник кадрларни салоҳияти муҳим аҳамият касб этади. Албатта, масалаларнинг ечими биринчи навбатда бугунги кунда тайёрланадиган кадрларнинг салоҳиятига боғлиқ. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари ишлаб чиқаришида малакали технолог ва конструктор кадрлар танқислиги юзага келди. Табиийки, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари ва таянч олий таълим муассасалари орасида қандайдир бўшлиқ пайдо бўлиб қолганди.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 31 июлдаги ПҚ-4410 сонли “Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора тадбирлар тўғрисидаги” қарори қабул қилинди. Айнан мазкур қарор таянч олий таълим муассасалари ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари ўртасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкам боғловчи звенога айланди ва ўз навбатида қишлоқ хўжалиги соҳасида техникаларни ишлаб чиқариш ва кадрлар тайёрлашдаги бугунги кун муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилган қарор бўлди .
Шунингдек, мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, «Ўзагротехсаноатхолдинг» акционерлик жамияти таркибий тузилмасига кирувчи “Uz CLAAS Agro” ва “Амкодор агротехмаш” қўшма корхоналарида институтимизнинг “Тракторлар ва автомобиллар”, “Қишлоқ хўжалиги машиналари” ва “Гидромелиорация ишларини механизациялаш” кафедралари филиаллари ташкил этилди. Бундан ташқари, “John Deere”, “Case-NewHolland” ва “Ростсельмаш” қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи корхоналари билан ҳам ҳамкорлик ўрнатилди ва уларнинг ҳар бирларини махсус аудиториялари институтимизда ташкил қилинди ва юқори даражада жиҳозланди.. «Ўзагротехсаноатхолдинг» акционерлик жамияти томонидан институтимиз ўқув жараёнида фойдаланиш учун 1 та пахта териш машинаси, 2 та трактор ва яна 1дона трактор прицепларини тақдим этилиши, таълим сифатини янада оширишга муҳим омил бўлди десак хато бўлмайди.
Албатта ўқув жараёнини ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда ташкил этилиши, соҳа бўйича тайёрланаётган кадрларнинг сифатига ижобий самарасини кўрсатиши муқаррардир. Демак, бугунги кунда 10 та таълим соҳаси бўйича кадр тайёрланаётган бўлса, барча тармоқлар корхоналари билан худди шу тизимни яратиш зарур. Фан-таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро ҳамкорлиги ва интеграциясини янада кучайтириш бўйича институтимиз профессор-ўқитувчиларининг фаолияти янада ривожланиб боради. Улар ўзларининг илмий-тадқиқот фаолиятларини республикамизнинг қатор йирик корхона ва ташкилотлари билан инновацион ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали ечимини кутаётган долзарб муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилишга қаратилган йўналишларда илмий изланишлар олиб борадилар.
Бугунги анжуман 8 та шўъбада ўз ишини бошлаб юборди.
- Қишлоқ ва сув хўжалиги учун инновацион техника ва технологияларни яратиш ва тадбиқ этиш муаммолари
- Қишлоқ ва сув хўжалигида машиналардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалалари
- Қишлоқ ва сув хўжалигида ишлаб чиқариш жараёнларни электрлаштириш, автоматлаштириш ва энергия таъминоти долзарб масалалари
- Мелиорация ютуқлари ва гидротехника иншоатларидан самарали фойдаланиш масалалари
- Қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришда янги материаллар ва технологиялар, ривожланиш истиқболлари масалалари
- АСМда қайта тикланувчи энергия манбалари ва фойдаланиш технологияларини ривожлантириш муаммолари
- Ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларни бошқариш масалалари
- Агросаноат мажмуаси (АСМ) учун рақобатбардош кадрларни тайёрлаш масалалари
Анжуманга 270 га яқин илмий мақолалар келиб тушган. Шунингдек, мазкур анжумани учун тақдим этилган ишларда 50 дан ортиқ илмий мақолалар Россия федерацияси, Белорусия, Қозоғистон Республикасининг олимлари томонидан тақдим этилди. Айнан, бугунги илмий анжуманда йиллар давомида олиб борилган илмий-тадқиқот натижалари муҳокама этилади ва зарурий тавсиялар берилишига ишончимиз комил.
Институт Матбуот хизмати раҳбари Р.Жуманиёзов