22 март – Бутунжаҳон сув куни

Бугунги кунга келиб сув ресурсларини рационал бошқариш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш – дунёда бутун бошли минтақалар ва мамлакатларнинг барқарор иқтисодий тараққиётида ҳал қилувчи аҳамият касб этувчи масалалардан бирига айланди. Сув ресурсларига бўлган талаб ортаётганлиги билан бирга, сувнинг тақчиллиги ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда. 1992 йилда Рио Де Жанейрода ўказилган БМТнинг «Атроф муҳит ва ривожланиш» конференциясида бутунжаҳонда сув ресурслари кунини нишонлаш таклифи билдирилган эди. БМТ Бош ассамблеяси 1993 йили 22 февралида 47/193 сонли резолюцияни имзолади ва 22 март кунини “Бутунжаҳон сув куни” деб эълон қилди. 

Ушбу кун жамоатчиликнинг эътиборини сув объектларининг бугунги ҳолатига ва уларни қайта тиклаш ва муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалаларга жалб қилишга, ер юзидаги ҳар бир инсон ҳаётидаги сувнинг тутган ўрни ҳақида мулоҳаза қилишга, ичимлик сувининг етишмовчилиги билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратишга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни асраб-авайлашнинг муҳимлигига, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш билан боғлиқ муаммоларнинг ечимини топиш учун тегишли чораларни кўришга қаратилган. 2018 йилги Бутунжаҳон сув кунининг асосий мавзуси –“Сув ресурсларини барқарор бошқаришдаги янги инновацион ёндашувлар”.

Ҳар йили “Бутунжаҳон сув куни” маълум бир шиор остида нишонланади. Ушбу кун 2016 йилда  “Сув ва касблар”, 2017 йилда “Оқова сувлар” шиори остида нишонланган бўлса, 2018 йилда “Табиат сув учун” (Nature for Water) шиори остида нишонланиши белгиланди.

Шу муносабат билан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бу йилги шиордан келиб чиққан ҳолда ОТМ талабалари учун энг яхши фотосуратлар кўргазмаси, энг яхши жамоа,  энг яхши кулги мунозаралари (Сomedy battle), номинациялари бўйича танлов эълон қилиниб, 3 кун давомида турли ташкилотларни жалб этган ҳолда кенг қамровли тадбирлар ўтказилди. 14-16 март кунлари бўлиб ўтган мазкур тадбирларда асосий эътибор ёшларнинг сувдан оқилона ва самарали фойдаланишдаги тутган ўрнига қаратилган бўлиб, танлов доирасида сув ресурсларини бошқариш ва мамлакатимизни барқарор ривожлантириш масалалари бўйича ОТМлардан Тошкент Давлат Аграр университетининг Нукус филиали, Навоий Давлат кончилик институти, Жиззах политехника институти, Тошкент давлат техника университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти талабалари ўртасида мунозаралар ўтказилди. Жумладан, 

2018 йил 14 март куни “Барқарор ривожланиш йўлида сув ресурсларидан фойдаланишнинг инновацион усуллари” мавзуидаги фотосуратлар кўргазмаси ҳамда куннинг иккинчи ярмида «Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда инновациянинг сув хўжалигидаги ўрни» мавзуидаги мунозаралар ўз ишини олиб борди.

2018 йил 15 март тадбирнинг иккинчи куни олий таълим муассасалари талабалари “Сувни асрайлик!” мавзуидаги видеороликлар, презентациялар, хазил – мутойибалар бўйича танловда иштирок этишди. Бунда танлов ғолиблари фаҳрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Бутунжаҳон сув кунини нишонлаш доирасидаги сўнгги кун 16 мартда “Сувни тежаш бўйича инновацион ёндашувлар ва технологиялар” мавзуидаги кўргазмаси бўлиб ўтди.

3 кун давомида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарияти, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессор – ўқитувчилари ва талабалари, танлов иштирокчилари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси, Германиянинг Ўзбекистондаги Халқаро ҳамкорлик бўйича ташкилоти (GIZ) ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари иштирок этдилар.