Самарадор семинар
Бугун институтимизда ташкил этилаётган семинар ўзининг моҳият эътибори билан катта аҳамиятга эга. “Европа университетлари билан ҳамкорликда қўшма диплом дастурини ташкил этиш усуллари ва истиқболлари; қўшма таълим дастурларини ривожлантириш ва жорий этиш жараёнлари” мавзусидаги ушбу семинар ҳам ўз мақсади ва вазифалари билан институтимизда ўтказилаётган тадбирлар қаторида муҳим ўрин тутади. Икки кунга мўлжалланган семинарнинг очилишида Европа Иттифоқи Делегацияси Сиёсат, матбуот ва ахборот бўлими бошлиғи Юсси Нарви, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари проф. Узоқбой Бегимкулов, НЕО координатори Азиза Абдурахмонова, Европа Иттифоқи мутахассиси проф. Франческо Жиротти ва бошқа мутахассислар ўз фикр-мулоҳазалари билан чиқишди. Тадбирни профессор Абдуҳаким Салоҳиддинов бошқариб борди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида таъкидланганидек, халқаро даражадаги юқори малакали кадрларнинг ўқув жараёнига жалб этиш, Европа давлатлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш ҳозирги кундаги Ўзбекистон олий таълим тизимидаги энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси ОЎМТВ қошида фаолият юритаётан Олий таълим экспертлари миллий гуруҳи (HERE) Erasmus+ миллий офиси кўмагида қўшма дастурлар ташкил этилишининг Европа тажрибаларини ўрганиш ва уларни Ўзбекистон ОТМларига манфаатини муҳокама қилишни мақсад қилган. Болонья жараёни инновацион, кооператив ва халқаро таълим дастурларининг ривожланишига катта йўл очиб берди. “Қўшма диплом” деб номланувчи дастурлари бунга яққол мисол бўла олади ва бундай дастурлар Европа бўйлаб кенг тарқалган.
Қўшма дипломнинг асосий хусусиятлари одатда қуйидагиларни намоён этади:
• Дастур бир қанча ОТМлар томонидан биргаликда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади;
• Ҳар бир ҳамкор ОТМдаги талабалар дастурнинг маълум бир қисмини бошқа ОТМларда ўтказади;
• Талабалар иштирокчи ОТМларда узоқ муддатли таълим олади (қисқа муддатли алмашинувларга нисбатан);
• Таълим муддати ва имтиҳон натижалари барча ҳамкор ОТМлар ва давлатларда автоматик равишда ва тўлиқлигича тан олади;
• Ҳар бир ОТМ профессор ўқитувчилари ўқув дастурларини биргаликда шакллантиради, бу қўшма қабул жараёнларидан тортиб, имтиҳонлар ташкил этувчилар ҳамда дарс бериш учун мобилликда иштирок этишгача бўлган масалаларини ўз ичига олади;
• Тўлиқ дастурни муваффақиятли якунлаган талабалар, дастурда иштирок этувчи ОТМлар томонидан таъсис этилган даражага эга бўлади ва тўлиқлигича барча давлатларда тан олинади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, шуни таъкидлаш керакки, ушбу семинар олий таълим тизимини модернизация қилиш бўйича Ўзбекистон ОТМларининг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Шу ўринда Техник ёрдам дастури (TAM) борасида ҳам маълумот бериб ўтиш ўринлидир.
Европа Иттифоқининг Erasmus+ лойиҳалари, ОТМлар ўртасидаги шартномалар, ОТМлар салоҳиятини кучайтиришга қаратилган ҳамкорлик фаолиятига қўшимча равишда Техних ёрдам дастури (ТАМ) ҳам мавжуд бўлиб у асосан, Европалик профессорлар ва мутахассислар иштирокида ОЎМТВлиги билан ўзаро келишилган турли мавзулардаги семинарларни ўтказади. Техник ёрдам дастури (ТАМ) Олий таълим соҳаси бўйича экспертлар миллий гуруҳи (HERE) фаолиятининг бир қисми бўлиб, у Барселона Университети қошидаги Олий таълим соҳаси бўйича экспертларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш гуруҳи (SPHERE) ва Европа Университетлар Ассоциацияси (EUA)дан ташкил топган консорциум томонидан бошқарилади ва Бельгиядаги Таълим, аудиовизуал воситалар ва маданият Ижроия Агентлиги (EACEA) томонидан назорат қилинади.
Семинар давомида иштирокчилар қуйидаги билимларга эга бўладилар:
• Магистратура қўшма диплом дастурларини ташкил этиш, ундаги талаб ва шартлар, бундай тадбирларни амалга ошириш йўллари ва молиялаштиришнинг муқобил усуллари;
• ОТМларда қўшма таълим дастурларини жорий этишнинг юридик жиҳатлари;
• Қўшма таълим дастурлари классификациясига қўйиладиган талаблар;
• Қўшма таълим дастурлари амалга ошириш жараёнлари ва шакллари;
• Қўшма таълим дастурларини бошқариш;
• Қўшма таълим дастурларида билим олиш натижаларини баҳолаш;
Қўшма таълим дастурларида сифат кафолати ва мониторинг жараёнлари муҳим моҳиятга эга.
Европа Иттифоқидан эксперт сифатида проф. Francesco GIROTTI, Болония университети, Таълим департаментининг шунингек, ОТМ раҳбар кадрлар (проректорлар, бўлим бошлиқлари, профессор ўқитувчилар ва докторантлар) Ўзбекистон ва Қозоғистон NEO вакиллари ва HERE аъзоларининг иштироки қувонарлидир.. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистондаги Erasmus+ миллий офиси, Олий таълим соҳаси бўйича экспертлар миллий гуруҳи ва институтимиз ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу семинарнинг самара ва натижаси истиқболли режаларни амалга ошишида яққол сезилиши аниқ.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов