ИЛМИЙ-АМАЛИЙ АНЖУМАН
"Ҳар қандай мамлакатнинг, тузум ва тизимнинг қиёфатини ўша жамиятнинг аёлларига бўлган муносабатидан билиб олиш мумкин." Буюк мутафаккирлардан бирининг ҳақли эътирофи бу. Бизнинг жамиятда эркаклар билан бир сафда туриб халқ хўжалигининг барча жабҳаларида, ҳатто, сиёсий жараёнда, бошқарув тизимида хотин-қизларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этаётгани сир эмас. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қатор маъруза ва чиқишларида, ҳукумат қонун ва қарорларида хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаолиятига эътибор юксак даражада бўлиб келмоқда. Ҳатто, давлатимиз раҳбарининг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурган 5 та муҳим ташаббусида ҳам бу масала алоҳида ўрин тутган. Жумладан, Бешинчи ташаббуснинг хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларига бағишлангани бежиз эмас.
Бугун институтимизда икки кунга мўлжаллаб, яъни 23-24 май кунлари ташкил этилаётган “Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси учун кадрларни тайёрлашда хотин-қизларнинг роли” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани ҳам юқорида эътироф этилган ҳукумат ҳужжатларининг ижроси сифатида эътиборга молик. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, илмий ва илмий техник анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017- йил 7-февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ- 4947-сон Фармони асосида белгиланган асосий вазифаларни мантиқий давом эттириш, 2018 йил 2 февралдаги ПФ-5325-сонли “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар маҳкамасининг 2019-йил 25-февралдаги 133-ф-сонли фармойиши ижросини таъминлаш ва “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да бажарилиши режалаштирилган вазифаларни амалга оширишда хотин - қизлар фаоллигини таъминлашга эришиш мақсадига йўналтирилган.
Анжумандаги илмий маъруза ҳамда мақолалар руҳи қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлашда аёлларнинг роли, таълим-тарбия соҳасида хотин-қизларнинг ўз қобилиятлари ва имкониятларини рўёбга чиқаришнинг шарт-шароитлари, Давлат ва жамият бошқаруви ҳамда иқтисодиёт тармоқларида хотин-қизларнинг ўрни ва уларни қўллаб-қувватлашнинг долзарб масалалари, хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятларини юксалтиришнинг замонавий муаммолари, қизларни соғлом турмуш тарзи ва оила қуришга тайёрлашнинг долзарб масалалари, илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантиришда тадқиқотчи хотин-қизларнинг тутган ўрни каби муаммоларни ўз ичига қамраб олади.
Илмий анжуманнинг азиз ҳамда ҳурматли иштирокчилари ва ташкилотчилари, шуни ёдда тутингки, фақат илмгина инсониятнинг йўлини ёритади, улуғ ва қутлуғ ишларга сафарбар этади. Илм-фаннинг ривожисиз мамлакат тараққиётини тасаввур этиш қийин. Унинг равнақи орқалигина инновацион ихтироларни, инвестицион фаолиятнинг мазмун-моҳиятини ҳис этиш мумкин. Шунинг учун ҳам деярлик ҳар ойда хорижий давлатларнинг мутахассислари иштирокида ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш замирига қурилган фан ва таълимнинг турли йўналишлари бўйича ўтказиб келинаётган Халқаро конференциялардан ҳам кўзланган мақсад - аслида шудир.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов