Собиқ ҳамкасабага содиқлик
Мозийга назар ташларкансиз, турли маконларда ва турли замонларда муайян ижтимоий тузилмага эътибор юқори даражада бўлган. Ҳатто, Фиръавн ҳукмдорларидан бири Рамзес - 2 ўша масканни "Руҳий дармон" дея эътироф этган. Бу ижтимоий тузилма КУТУБХОНАдир. Билимлар манбаи ва маёғи бўлган китоблар хазинасига тараққийпарвар ва маърифатли ҳукмдорлар алоҳида эътибор билан қарашган. Институтимиз кутубхонаси ҳам ўзининг муайян мўъжаз тарихига эга. Унинг шаклланишида ушбу инсонларнинг маълум даражада хизматларидан кўз юмиб бўлмайди. Р. Д. Климкина, Б. У. Ташкузиева, Ф. Х. Янгаева, М. Н. Ходжаева, В. М. Садовникова, В. И. Макова сингари кўплаб ўз касбининг ажойиб усталари, яъни институтимиз кутубхонасининг яратилиши ва унинг келажаги асоси учун тамал тошини қўйган мураббийлар билан ёнма-ён ишлаш бизга фахр бахш этган.
Ҳозиргача собиқ ходималар, ҳамкасблар билан мунтазам равишда алоқадалар. Маслаҳатлашиб фикр алмашиш одатий ҳолатга айланган. Уларни юбилей саналарида табриклаб туриш, институтда ўтказиладиган байрам тадбирларида иштирокларини таъминлаш ҳам ана шу хайрли ишларнинг инъикосидир. Ўзаро ишончга йўғрилган мулоқот давраларида, уларнинг йўл-йўриқларига таянилади. Уларнинг иш тажрибаларини бўлишадилар.
2019 йил 19 январда АРМ ходимлари ТИҚХММИнинг хизмат кўрсатган кутубхоначиси Раиса Дмитриевна Климкинанинг 80 ёшга тўлганлиги муносабати билан чин қалбдан табрикладилар. АРМ ходимлари етакчи кутубхоначи, бўлим мудири ва бошқа вазифада бўлсин, уларнинг ўқувчилари, шогирдлари бўлишган, уларнинг ўгитларига амал қилиб ҳамон фахрланишади. Қутлуғ айём билан табриклаш мақсадида мураббий хонадонига ташриф буюришди, уларга совғалар ва гулларни тақдим этиб, кўнгилларини шод этишди. Дастурхон атрофида тўпланган барча меҳмонлар илиқлик билан кутубхонада ҳамжиҳатликда ўтган даврларни эсладилар. Илмий - услубий ва ахборот - маълумот бўлими мудири Н. Ю. Миличенкова сўз олиб, кутубхона ходимлари номидан мураббий учун аталган байрамона табрик сўзини айтиб, бағишлов шеърини ўқиб эшиттирди. Унга узоқ-умр, сиҳат-саломатлик, қувонч ва дунёдаги барча эзгу ниятларни тилади.
Раиса Дмитриевна дастурхон атрофига йиғилган кутубхона ходимларига чин юракдан миннатдорчилик билдириб, келгусида ҳам шундай дўстона муносабат ва учрашувлар сақланиб қолишига умидворлигини билдирди.
Ахборот-ресурс маркази директори в.б. М. Ахмедова ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов