“Аниқ координатали қишлоқ хўжалиги ва унда маълумотларни қайта ишлаш” курслари бўйича онлайн семинар

Бугунги кунда “ақлли қишлоқ хўжалиги”, “аниқ деҳқончилик” каби терминлар аллақачон ҳаётимизга кириб келди. Бу замонавий технологиялар деҳқончилик ва чорвачиликда маҳсулот етиштиришдаги харажатларни камайтириш, ҳосилдорликни ошириш, қишлоқ хўжалиги ерларидаги экинлар ҳолатини тезкор ҳамда аниқ баҳолаш, механизаторлар иш шароитини яхшилаш имконини беради. Бу технологиялардан фойдаланишда қишлоқ хўжалиги муҳандислари малака, билим ва амалий кўникмаларига алоҳида талаблар қўйилади. Институтда амалга оширилаётган “Хорижий университетлардаги инновацион ечимларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигида муҳандис кадрларни тайёрлаш дастурларини такомиллаштириш” мавзусидаги лойиҳада хорижий университетлар ўқув дастурларидаги замонавий технологиялар билан боғлиқ фанларни ўрганиш ва уларни ўқув режаларга киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Лойиҳа доирасида 15-26 июнь кунлари АҚШнинг Миссисипи штати университети профессори Ганеш Бора иштирокида WebEx платформаси орқали “Аниқ координатали қишлоқ хўжалиги ва унда маълумотларни қайта ишлаш” курслари бўйича онлайн семинар ўтказилди. Семинарда институт кафедраларидан 30дан ортиқ профессор-ўқитувчилар, докторантлар ва магистрантлар иштирок этишди. Семинарда шунингдек Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети ва Тошкент давлат аграр университети вакиллари ҳам қатнашишди. Семинарда ҳозирда АҚШда кенг қўлланилаётган ҳосилни мониторинг қилиш тизими, глобал навигация ва географик информацион тизимлар, масофадан зондлаш каби воситалар, замонавий датчиклар, автоматик бошқарув тизимлари, учувчисиз учиш аппаратларидан аниқ координатали қишлоқ хўжалигида фойдаланиш ва олинган маълумотлар билан ишлаш масалалари ўрганилди. Онлайн тарзда ўтган семинар якунида томонлар аниқ координатали қишлоқ хўжалиги соҳасида курслар учун ўқув материаллари яратиш билан бирга, шу соҳада илмий лойиҳаларни амалга оширишда ҳам ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

    “Тракторлар ва автомобиллар” кафедраси ахбороти

ТИҚХММИ матбуот хизмати