Мурожаатга муносабат
Янгича қараш, янги ғоя ва янги режаларгина давлатнинг истиқболига, ватан равнақи ва халқимизнинг фаровонлигига дахлдор ҳаракатларни, амалий натижаларни белгилаб бериши аниқ. Янги Ўзбекистон - янги сайловлар деган шиорларимиз замирида ҳам ана шу ҳақиқат бор. Аниқ режалар бўлмаса, шунга мувофиқ ҳаракат ва фаолият бўлмаса, истиқболли режаларни амалга ошириш мушкул. Бутун халқимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасини интиқлик билан кутгани аниқ. Худди стартда турган, маррани кўзлаган, югуришга тайёр турган спортчига ўхшаб ҳаммамиз Президентимизнинг нутқий мурожаатини, амалий натижадорликка даъват руҳидаги чақириқларини интизорлик билан кутдик.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти жамоаси ҳам ана шундай юқори кайфият билан Президентимиз мурожаатларини тинглаш учун яқиндагина таъмирдан чиққан муҳташам маданият саройига жам бўлишди. Институт профессор-ўқитувчилари кенг саҳнага ўрнатилган катта монитор орқали Президентимизнинг Мурожаатномаларини диққат билан, мушоҳада юритиш асносида тинглашди. Мурожаатномада халқимиз истиқболи ҳамда мамлакат равнақи учун ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро қандай иш тутиши ва юритиши билан боғлиқ вазифалар аниқ ва кескин равишда белгилаб берилди.
Халқ ноиблари ва сенаторларга умид ва ишонч билан қараган халқимизнинг истаги ва манфаатидан улуғ мақсад йўқ. Масалага онгли равишда ёндашиш, коррупция балосига қарши кескин курашиш, илм-фанни, рақамли иқтисодиётни тўла шакллантириб ривожлантириш, барча соҳавий йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилмаса, мамлакат тараққиёти ҳақида сўзлаш беҳуда. Бугунги даврнинг талаби ҳам шу. Шунинг учун ҳам Президентимиз 2020 йилни "Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш" йили деб номлашни таклиф қилишлари бежиз эмас эди. Илм-маърифат тараққиётнинг кўзи бўлса, рақамлилилик аниқликка йўналтирилган мияси, иқтисодиёт эса унинг юраги ва қўл-оёғидир.
Мурожаатномада "илм йўқ жойда тўғри йўлдан адашиш бўлади, илм бу бизга ҳаводек зарур, энг катта бойлик ақл-заковат, энг катта қашшоқлик бу билимсизликдир" - деган пурмаъно ўгитлар барчамизни жиддий ўйлашга мажбур этади. Ҳар бир соҳада илмий назар бўлмагани боис мактаб яратилмаганини ҳам давлатимиз раҳбари ўринли таъкидлаб ўтдилар. Грантларни икки баробар кўпайтирилиши белгиланди. Барча жабҳаларда рақамлаштириш дастурларини амалга оширмаган раҳбарнинг ўз ишидан кетиши муқаррарлиги ҳам эътироф этилди. Институтимиз жамоаси Президент Мурожаатномасини ҳаяжон билан тинглаб бу шунчаки, чақириқ эмас, балки, ҳаёт учун йўлланма, тараққиёт учун қўлланма эканлигини чуқур дилдан ҳис этишди.
Институт Матбуот хизмати Раҳимбой Жуманиёзов