Театр — маънавий ҳаёт кўзгуси
Мамлакатимизда истиқлол йилларида миллий театр санъатини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар ёшларимизни истиқлол ғоялари асосида тарбиялаш, уларнинг онгу шуурига жонажон Ватанимизни севиш, аждодларимизга муносиб ворис бўлишдек эзгу ғояларни сингдиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, театрларимизнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замон талаблари асосида жиҳозлашга катта эътибор қаратилаяпти. Энг муҳими, уларнинг ижодий фаолияти юксалиб, турли мавзу ва жанрларда янгидан-янги спектакллар яратилмоқда.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Қишлоқ ва сув хўжалиги энергия таъминоти” факультети талаба-ёшлари Ўзбекистон давлат драма театрига ташриф буюрдилар. Салоҳиддин Сирожиддинов қаламига мансуб Баҳодир Мирмақсудов томонидан саҳналаштирилган “Тўмарис” спектакли талаба-ёшларимизга қўйилди Милоддан аввалги VI асрда Турон халқларининг Аҳамонийлар босқинига қарши курашига раҳбарлик қилган жасур саркарда Тўмарис юртимизда ватанпарварлик тимсоли сифатида улуғланиб келинади. Қадимий юнон тарихчиси Геродотнинг “Тарих“ асарида ёзилишича, Аҳамонийлар давлати асосчиси Кир II милоддан аввалги 530 йилда Туронга бостириб кирганида, Амударё бўйлари ва Қизилқумда яшаган массагетлар билан босқинчилар ўртасида шиддатли жанглар бўлган.
Узоқ вақт давом этган оғир жангда массагетлар ғалаба қозонган. Малика Тўмариснинг буйруғи билан Кирнинг кесилган боши инсон қони билан тўлғазилган мешга солинган. “Қонга жуда ташна эдинг, энди ич, қонхўр” – Тўмарис тилида айтилган бу хитоб урушга, зўравонликка қарши чақириқ сифатида бугун ҳам одамлар қалбини ларзага солади. Тўмариснинг жасорати ва ҳарбий-сиёсий фаолияти тўғрисида халқ достонлари яратилган, жангнома ва ривоятлар тўқилган. Эргаш Жуманбулбул ўғлининг “Ойсулув“, Иброҳим Юсуповнинг “Тўмарис“ достонлари, композитор Улуғбек Мусаевнинг “Тўмарис” балети ана шу қаҳрамонга бағишланган.
Миллий истиқлол ғояси, уни ёшлар онгига сингдириш, нафақат ёшлар, шу билан бирга, катта ёшдагилар қалбига жо этишда саҳна асарларининг аҳамияти беқиёс. Таълим-тарбияда оиланинг, мактабнинг таъсири қанчалик катта кучга эга бўлса, театрнинг ҳам мавқеи ундан кам эмас.
“Қишлоқ ва сув хўжалиги
энергия таъминоти” факультетининг Ёшлар
билан ишлаш декан ўринбосари А.Ботиров ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати