Малака ошириш тингловчилари ва битирувчи курс талабалари билан учрашув

Иститутимизнинг профессор ўқитувчилари, яъни Ўз ФА академиги М.М.Мирсаидов ва ф.м.ф.д., проф. К.С.Султоновлар 22 апрель 2019 йилда Тошкент архитектура қурилиш институти (ТАҚИ) қошидаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази тингловчилари ва ТАҚИ нинг битирувчи иқтидорли талаба ва магистрлари билан учрашув ўтказдилар.

М.Мирсаидов ҳурматли Президентимизнинг илмдаги энг катта илмий натижаларни илмий тадқиқот ва олий ўқув юртларида ишлаётган  ёшлардан кутаётганлигини ва бу бажарилаётган илмий ишлар инновация ғоялари, янги технологиялар ва уларнинг тадбиғи билан якунланиши ҳақида гапириб ўтди. Шу билан бирга юртбошимизнинг фанда эришилган ютуқларни амалиётга тадбиқ қилинишига катта эътибор бераётганлигини, бунинг натижаси сифатида ЎзР ФА да ўтказилган сайлов ҳақида ва 32 академикни сайланганлигини айтиб ўтди.

М.Мирсаидов келажакда давлатимиз томонидан қўйилаётган долзарб муаммоларни ечиш учун бу институтда етарли потенциал борлигини эътироф этиб,  курилишнинг бошқа соҳалари бўйича ҳам яна бир нечта илмий мактаблар яратилиши кераклигини  ва бу институт билан ЎзР ФА ҳамда Республикамизнинг бошқа олий ўқув юртлари ўртасида интеграцияни ривожлантириш кераклигини айтди. Шу жумладан ТИҚХММИ профессор ўқитувчилари  худди шу йўналишлар бўйича юқори даражадаги илмий ишлар олиб борилаётганлигини, мисол тариқасида 12 Халқаро конференциянинг ТИҚХММИ да ўтказилганлигини ва институт ходимларининг бу конференцияда фаол қатнашганини,  ТАҚИ ходимларидан бу конференцияда  кам олимлар қатнашганини айтиб ўтди.

Проф. К.С.Султонов ўз сўзида ҳозирги кунда қурилиш соҳасида долзарб бўлган муаммоларни ёритиб бериб, келгусида ёшлар шу соҳалар бўйича илмий ишлар олиб борсалар яхши илмий натижаларга эришишлари мумкинлигини айтди. Йиғилиш иштирокчилари М.Мирсаидов ва К.Султоновларга кўп саволлар бериб, барча берилган  саволларга тўлиқ жавоблар олишди. М.Мирсаидов ва К.С.Султоновлар ТАҚИ да бажарилаётган илмий ишларни қўллаб-қувватлаб, келгусида қилинадиган ишларга омад тилаган ҳолда ўзларининг қимматли маслаҳатларини бердилар.

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов