Маҳалла ёшлари учун янги туҳфа
Жамиятнинг муҳим бўғини бўлган маҳаллада турли ёшдаги, турли касбда фаолият юритувчи, ҳар хил соҳа вакиллари истиқомат қилишади. Маҳалладигилар ҳам жамият истиқболи ақлан ва жисмонан соғлом авлодга қаратилган эътибор ҳамда яратилган имкониятларга, шароитларга боғлиқлигини яхши билишади. Мирзо Улуғбек тумани “Лашкарбеги” маҳалласида ёшлар учун ташкил этилган, югуриш, футбол ва баскетбол майдончасидан иборат спорт мажмуаси муносиб совға бўлди. Яшил тусда бежирим безатилган футбол майдончасига ошиқаётган болаларнинг хурсандчилиги чексиз.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” дастури асосидаги вазифа ва талабларга амалий жавоб бўлган ушбу спорт мажмуасининг очилишида маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, туман депутатлари ҳамда ТИҚХММИнинг профессор ўқитувчилари иштирок этишди. Мазкур тадбирнинг аҳамияти борасида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, ТИҚХММИнинг ректори, профессор Ўктам Умурзоқов, туман ҳокими Шавкат Эргашев ва маҳалла фахрийларидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Муқаддас Абдусаматовалар сўзга чиқишди.
Мажмуанинг очилишидаги рамзий тасмани қирқиш учун профессор Ўктам Умурзоқов, туман ҳокими Шавкат Эргашев, маҳалла фаолларидан меҳнат фахрийлари истеъфодаги полковник Абдуғани Абдуқаюмов, нафақадаги профессор Ҳусан Валижоновлар таклиф этилди. Сўнгра барча ям-яшил футбол майдончасига кириб ўз жойларини эгаллашди. Баркамол авлод мактабининг иқтидорли ўқувчилари иштирокида жозиб рақслар намойиш этилди. Тадбир ниҳоясида маҳалланинг ёш спортчилари яшил майдончада тўп сура бошлашди. Маҳалла фаоллари ушбу мажмуанинг очилишида жонбозлик кўрсатган туман ғокимлиги ва институтимиз раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати