Интеллектуал спорт тури мусобақаси

«Ирригация ва мелиорация» кафедраси доценти Адҳам Маматалиев раҳбарлигида «Сув хўжалиги ва мелиорация» таълим йўналиши 402-гуруҳ талабалари ўртасида шахмат ва шашка мусобақаси уюштирилди. Мусобақада гуруҳ талабаларининг деярли барчаси иштирок этдилар. Бу эса ҳозирги кун ёшларининг мазкур спорт турига қизиқишлари юқорилигини кўрсатади. Тадбир талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидор ва имкониятларини намоён этишга қулай имконият яратди.

Шахмат ва шашка инсондан юксак интеллектуал салоҳият ҳамда жисмоний ва маънавий етуклик, ақл-заковатни талаб этади. Мазкур спорт азалдан аждодларимиз маданий ҳаётининг ажралмас қисми сифатида эъзозланган. Жорий йилнинг январь ойида мамлакатимизда шахматни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва уни оммавий спорт турига айлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал ва маданий ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш  бўйича “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ҳам қабул қилинганлиги ҳам бежиз эмас. Жисмоний мукаммаллик учун спорт қанчалик муҳим бўлса, ақлий салоҳият учун шахмат шунчалик муҳимдир. У инсонларга хос бўлган алоҳида хусусиятларни ривожлантириш ва ақлни машқ қилдиришнинг қизиқарли ҳамда қулай йўлидир.

Юртимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб ёшларни спортга жалб қилиш борасида кўплаб амалий ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада институтимизда ҳам кенг миқёсда ишлар олиб борилмоқда. Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган 5 та муҳим ташаббуснинг иккинчиси доирасида ташкил қилинган бу тадбир иштирокчиларга яхши кайфият бахш этди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати