Бухоро шаҳрида 15-май — “Халқаро оила куни” шиори остида юриш бўйича марафон ўтказилди

Ушбу тадбир Бухоро вилоят ҳокимлиги томонидан аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди. Шу куни эрталаб вилоят ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, корхона ва ташкилот мутасаддилари ва ходимлари, таниқли эстрада хонандалари ва кино актёрлари, талабалар, умуман олганда, соғлом турмуш тарзини саломатлик асоси деб билган ҳамюртларимиз Лаби Ҳовуз ансамбли ёнида жам бғлишди.

Марафонда ТИҚХММИ Бухоро филиали аъзолари ҳам филиал директори Шавкат Жахонович Имомов бошчилигида фаол тарзда иштирок қилишди. Марафоннинг очилиш маросимида сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов соғлом турмуш тарзининг аҳамияти хусусида сўз юритар экан, бу каби тадбирларни кенг қамровда ва доимий тарзда равишда ўтказиб турилиши зарурлигини таъкидлади. Соғлом турмуш тарзининг муҳим шартларидан бири бўлган юриш ва бадантарбия тарғиботига ҳисса қўшиш, бу борада аҳоли қизиқишини оширишда барчани фаолликка чорлади. Икки минг нафарга яқин марафон қатнашчилари Лаби-ҳовуз ансамбли олдидан Арк қўрғонигача бўлган масофани босиб ўтишди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда соғлом турмуш тарзига, 20 фоизи яшаётган экологик муҳитига, 15 фоизи ирсий омилларга, бор йўғи 10 фоизи тиббиётга боғлиқ экан. Демак, соғлом турмуш тарзига мунтазам равишда амал қилиш турли хасталиклардан холи, чиройли ва бахтли яшаш омилидир. Марафон ҳақида Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотлари ва фотосуратларидан фойдаланилди.

 

ТИҚХММИ Бухоро филиали матбуот хизмати
ТИҚХММИ  матбуот хизмати