“Ўзбекистон тарихи Давлат музейи”га ташриф

ГТҚ факультетининг “ИТГО” йўналишининг 108 ва 109 - гуруҳ талабалари “СЭ ва НСФ” кафедрасининг ассистентлари М.С.Бердиев ва Б.Н.Шодиевлар рахбарлигида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Ўзбекистон тарихи Давлат музейига ташриф буюрдилар. Ташриф давомида талабалар Ўзбекистон Республикаси тарихи ва ривожланиш босқичи йўлидаги маълумотга эга бўлдилар.

1991 йил 31 августда ўзбек халқи узоқ вақтлардан бери орзиқиб кутган Мустақилликка эришди. Ҳаётимизнинг барча соҳалари каби музейлар фаолиятида ҳам катта тарихий ўзгаришлар содир бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 21 апрел қарорига мувофиқ Ўзбекистон тарихи Давлат музейи қайта ташкил этилди. Моҳият – эътибори билан қаралганда, том маънодаги замонавий ва миллий музейга айнан шу санада асос солинган эди. Президент Ислом Каримовнинг «Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида» ги Фармони (1998 йил 12 январь) эса музейларимиз ривожидан катта бурилиш ясади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Ўзбекистон тарихи Давлат музейи Марказий Осиёда 120 йилдан ортиқ тарихга эга, энг улкан ва кўҳна илмий-маърифий муассаса ҳисобланади. Экспозициядан ўрин олган экспонатлар Ўзбекистоннинг Шарқ цивилизациясининг қадимий ўчоғидан бири бўлганидан дарак беради. Музей шунингдек, ўзбек халқи тарихининг муҳим босқичларини акс эттирган ноёб архив материаллар, қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, фото материаллар ва ҳ.к. га эга. Ҳозирги кунда Ўзбекистон тарихи Давлат музейи энг йирик илмий – маърифий марказлардан ҳисобланиб, унинг жамғармасида 250 мингга яқин экспонат мавжуд. Улар орасида нумизматика, археология, тангашунослик ва этнографияга оид кўплаб қимматли жамламалар бор.

Дастлабки экспозициядаги ибтидоий тузим даврини ифодаловчи экспонатлар Ўзбекистон ҳудуди Шарқ цивилизациясининг энг қадимги ўчоқларидан бири бўлганлигидан гувоҳлик беради. Деҳқончилик ва чорвачилик асосида ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, дастлабки кимёвий-технологик билимлар асосида ҳунармандчиликни ривожланиши, диний тафаккур ривожида зардўштийликка асос солиниши, қадимий Шарқнинг юқори даражада ривожланган марказлари билан ўзаро маданий алоқалар, мураккаб ички тузилмаларга эга бўлган қалъа ва илк шаҳарларнинг пайдо бўлиши йирик давлатларнинг ташкил топишида катта роль ўйнади. Деҳқончилик ва чорвачиликнинг ўзига хос ривожи ва ўзаро боғлиқлиги, Ўзбекистон халқларининг аҳмонийлар, грек – македонияликлар ва сосонийларга қарши кураши, хорозмийлар, бақтрияликлар, Фарғона давлати ҳамда Кушон салтанати ҳақидаги маълумотлар ҳам жуда яхши ёритилган. Залларда намойиш этилаётган аждодларимизнинг эрамиздан аввалги ва эрамизнинг минг йилликларида маданияти юқори бўлганлигини ўзида мужассам этган ашёлар мазмун-моҳиятининг ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Буларнинг кўпчилиги дунё маданияти ва санъатининг бебаҳо намуналари ҳисобланади.

Девор ёзувлари, ҳайкалтарошлик тасвирлари, буддавийлик мавзуи билан боғланган меъморчилик ишлари экспозициядан алоҳида ўрин олган.

Ўзбек халқининг ўрта асрлардаги буюк маданий мероси ҳам экспозицияда ўз ифодасини топган. Айниқса, Темур ва темурийлар даврига бағишланган экспозицияда Амир Темур саъй- ҳаракатлари натижаси ўлароқ, фан ва маданиятнинг юқори даражада ривожланганлиги ҳақида ҳикоя қилувчи кўплаб экспонатларни кўриш мумкин.

XVIII-XIX асрларда ҳунармандчиликнинг юксак даражада ривожланганлиги экспозициядаги сопол, кандакорлик маҳсулотлари, Бухоро бахмаллари ва адраслари ҳамда зардузлик санъати намуналарида ўз аксини топган. Шунингдек, мамлакатимизнинг кейинги тараққиёти, хусусан, мустамлакачилик давридаги озодлик учун олиб борилган курашлар, маърифатпарварларимизнинг ўз ватанини маърифатли, фарован ва озод қилиш учун олиб борган курашлари хариталар, суратлар, рангтасвир воситалари орқали ёрқин намоён этилган.

Музейнинг охирги экспозицияси мустақилликка эришган Ўзбекистон Республикасининг қисқа давр ичида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларидаги эришган улкан ютуқларига бағишланади. Салкам 14 йил давомида Ўзбекистон жаҳонда ўзининг муносиб ўрнини топган давлатлардан бирига айланди. Қисқаси, тарихий тараққиёт ва маданий ривожидаги узвийлик музей воситаларида миллатнинг бир бутун яхлит тарихи сифатида кўрсатилган.

Бугунги кунда йирик илмий-маданий марказлардан бири ҳисобланган Ўзбекистон тарихи Давлат музейида ўзбек халқининг тарихи холисона яратилди. Лекин бир вақтда ватанимиздан ташиб кетилган беҳисоб ва нодир ёдгорликларимизни бошқа музейларда кўрганимизда, юрагимиздаги ўкинч ва армонларимиз қалбимизни тирнайди.

         Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов