Бардамлик ва бирдамлик байрами арафасида
Қадимийлиги, хайр ва савобга дахлдорлиги билан, узоқ асрларга бориб боғланадиган ийди Рамазон бутун дунё мусулмонларининг эътиқодий байрами сифатида нишонланиб келинади. Бу байрам шонли, қонли, суронли даврларни ҳам кўрган. Ҳар қандай шароитда ҳам ўз моҳиятини йўқотмаган байрамдир. Ушбу байрамнинг рамзий маъноси шундаки, у халқнинг иродасини, эътиқодини синайдиган, ҳар бир кимсада ўзни тийиш, шукроналик ва қаноат туйғусини намоён этиши билан алоҳида ажралиб туради ва ўзаро ёрдам, саховат ва мурувватнинг тимсоли сифатида ҳам қадрлидир. Бу байрамни оммавий тарзда, гарчи бу йил сайил сифатида ўтказиш пандемия муносабати билан насиб этмаган бўлса-да, республикамиз аҳли ўз уйида ўтириб, кўтаринки кайфият билан унинг руҳи ва шукуҳини сезди десак хато бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити табригида ушбу ойни сабр-у қаноат руҳий покланиш меҳр ва кўмакка муҳтожларга янада эътиборли бўлиш, савобли амаллар қилишдек олижаноб фазилатлар бу йил юртимизда ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён бўлди деб айтганлари бежиз эмас. Худди шу муносабат билан институтимиз жамоаси ҳам ҳайит байрамидан бир кун олдин , яъни арафа куни таътилни таҳсил деб билиб, таълимга бўлган эътиборни асло сусайтирмаган барча педагогларни, институт аҳлини байрам билан табрликлаш мақсадида ZООМ дастури орқали масофавий тарзда табрик тадбирини ташкил этишди.
Унда институтимизнинг фаол профессор ўқитувчилари ўзларининг таассуротлари ва табрикларини билдиришди. Жумладан, Р.Чориев, З. Исмоилова, Р. Ҳакимов, Ш. Ўлжаева, Б.Норов, Р. Жуманиёзов ва бошқалар ҳайит байрами билан институт аҳлини қизғин муборакбод этдилар. Улар жамоадаги аҳиллик, иқтидорли педагогик жамоа, якдиллик ва мақсадлар муштараклиги ҳамиша ғалабаларга гаров, зафарларга кафолат бўлишини эътироф этишди.
ТИҚХММИнинг жаҳон рейтингида ўрин олган таълим муассасалари қаторида юқори кўрсаткич ва натижаларга эришиши ана шу бирлик ва ҳамжиҳатликнинг гарови бўлганлигини таъкидлашди. Ўша куни бир гуруҳ ўқитувчиларимиз адиблар хиёбонига бориб халқимиз фахрига айланган мутафаккирлар ҳайкалларини зиёрат қилиш асносида “Ўзбекистон 24” телеканалига интервю ҳам беришди. О. Арифжонов, Р. Ҳакимов ва А. Бердимуродовларнинг ўзаро суҳбатлари чоғида институтимиз жамоасининг эришаётган ютуқларига шаҳодат бўлувчи мисол ва изоҳлар келтирилди.
Б. Муқимов “Гуманитар фанлар” кафедрасининг ассистенти
ТИҚХММИ матбуот хизмати