Қайта тикланувчан энергиянинг қурилишдаги ўрни
Шу йилнинг 22 - май куни Краков Технология Университети (Польша) ташаббуси билан Zoom онлайн платформаси орқали VIII International Conference Arch-Eco халқаро конференцияси ташкил этилди. Эътиборли жиҳати, мазкур конференцияда институтимиз “Электр таъминоти ва қайта тикланувчан энергия манбалари” кафедраси профессори Турсунов Обид Бобокулович бошчилигида кафедра профессори Оун Сеок Ким ва I курс магистратура талабалари Самандар Набиев, Равшан Турдалиев, Рузимурод Эркинов, Жамшид Худойназаров ҳамда II курс магистратура талабаси Нурислом Абдуғаниевлар иштирок этишди.
Профессорлар О.Б.Турсунов ва О.С.Кимларнинг конференция очилиш қисмида асосий маърузачи сифатидаги чиқишлари институтимиз профессор-ўқитувчиларига бўлган эътибор халқаро майдонда ҳам ошиб бораётганлигини кўрсатади. Бундан ташқари кафедра профессори О.Б.Турсунов модераторлик қилган “The Role of Renewable Energy in Building, a Green Civil Engineering” секциясида “Электр таъминоти ва қайта тикланувчан энергия манбалари” кафедраси магистрларининг ҳам чиқишлари конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Хулоса қилиб айтганда, мазкур халқаро миқёсдаги конференция ёш изланувчиларимиз учун келажакда илмий изланишларида катта мактаб бўлиб хизмат қилди.