ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИНИНГ ЗАМОНАВИЙ МУАММОЛАРИ ЁШЛАР НИГОҲИДА.
2021 йилнинг 25 май куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Қишлоқ ва сув хўжалигининг замонавий муаммоларини ечиш, илмий-услубий ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда кадрлар тайёрлаш борасида ёш олимлар, магистрантлар ва иқтидорли талабаларнинг илмий изланишлари натижаларини муҳокама этиш ва оммалаштириш мақсадида “ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИНИНГ ЗАМОНАВИЙ МУАММОЛАРИ” мавзусидаги анъанавий XX - ёш олимлар, магистрантлар ва иқтидорли талабаларнинг илмий - амалий анжуманининг очилиш маросими ZOOM платформаси орқали онлайн тарзда ташкил этилди.
Анжуман аввалида, институт ректори Ў.П.Умурзаков анжуман ҳақида сўз юритиб, бугунги кунда илмий-инновацион изланишлар соҳасини ривожлантириш, хусусан уларда ёшларнинг фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида таъкидлаб, анжуманга 11 илмий изланиш йўналишларида 700 дан ортиқ илмий ишлар бўйича мақолалар келиб тушганлигини билдириб ўтди ва анжуман иштирокчиларига муваффақиятлар тилади.
Шундан сўнг, анжуман меҳмони Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор А.З.Саъдуллаев сўзга чиқиб, ҳар қандай жамият ва мамлакат ривожланиш истиқболларини айнан илмий соҳада ўз изланишларини олиб бораётган интеллектуал ёшлар белгилаб бериши ва бугунги кундаги ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган лойиҳа ва дастурлар ҳақида таъкидлаб, ёшларни бу имкониятлардан кенг фойдаланишга, юртимизнинг янада ривожланишига барча ёшлар ўз хиссасини қўшишига чорлади.
Шунингдек анжуман билан табриклаш ва иштирокчиларга муваффақият тилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси бош директори О.А.Тўйчиев сўзга чиқиб янги инновацион ғояларни қўллашда мана шу каби анжуманларнинг ўрни беқиёслиги ҳақида таъкидлаб ўтди.
Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси” раиси ўринбосари А.Э.Қурбонов ҳам сўзга чиқиб, барча иштирокчиларга муваффақиятлар тилаш билан биргаликда мамлакат аграр ва сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида таҳсил олган мутахассисларни олиб бораётган ишлари ва ютуқлари ҳақида таъкидлаб, барча мақолалар ўзида қонунчиликдаги янгиликларни қамраб олганлигини алоҳида келтириб ўтди.
Шундан сўнг, институт битирувчиларидан “Эл-юрт умиди” фонди стипендианти, Канаданинг Алберта университети магистранти, Д.А.Янгиев “Алберта университетида ўқиш бошлаган талабанинг тажрибаси” мавзусида ўзининг хорижда тахсил олиш, халқаро грантларда иштирок этиш борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашди.
Анжуман давомида навбат пленар маърузаларга берилди ва иқтидорли талабалардан М.С.Жалилов, Р.Р.Йигиталиева, магистрант Д.М.Акбаров, докторант И.И.Абдураҳмонов, ТИҚХММИ Бухоро филиали талабаси Б.Н.Атамуродовлар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Очилиш маросими якунида, анжуманга топширилган 700 га яқин мақолаларни қандай тартибда ҳимоя қилиниши бўйича институт илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Т.З.Султанов маълумотлар бериб ўтди. Барча иштирокчиларга муваффақият тилаган ҳолда анжуманнинг асосий маърузаларига навбат берилди.
Эслатиб ўтамиз анжуман 25-26-май кунлари ZOOM платформаси орқали онлайн тарзда ўтказилади.
Иқтидорли талабаларнинг илмий тадқиқот
ишларини ташкил этиш бўлими ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати