Aждодлар тажрибаси ёшлар учун имконият

Ёшларни илм-маърифатли қилиш, уларни илмга, яратувчанликга бўлган қизиқишларини ўрганиш ва бу орқали уларни қийнаб келаётган муаммоларни тизимли ҳал этиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида, муҳтарам юртбошимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг яққол намунаси десак, муболаға бўлмайди. Бугунги глобаллашув замонида таълимга, ишлаб чиқаришга ва бошқа соҳаларга  инновацион технологияларни жорий этиш, рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш  ва шу каби соҳаларга ёшларни кенг жалб қилиш борасида бир қатор амалий учрашувлар ҳамда тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда.

Яқинда институтимизда инновацион ривожланиш вазирлиги ҳодимлари билан бўлиб ўтган учрашувда, институт ҳамда вазирлик ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш  бўйича келишиб олинган эди. Ушбу келишув натижаси ўлароқ, куни кеча, инновацион технологиялар, IT ва рақамли иқтисодиётга қизиқувчи бир гуруҳ талаба, магистр, докторант ҳамда  ўқитувчилар Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлигига ташриф буюрдилар. Ташриф доирасида вазирлик  ходимлари бугунги кунда мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиликлар ҳақида таништириб ўтишди.

Хусусан вазирликнинг “Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси” бошлиғи  Фирдавс Нематзода вазирликда ташкил этиладиган, турли хил танловлар, Start-Upлар шунингдек, вазирликда фаолият олиб бораётган турли хил тўгараклар ҳақида маълумот бериб ўтди. Учрашув жуда қизиқарли, кўтаринки руҳда ҳамда қизғин савол-жавоб ва муҳокамаларга бой тарзда бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари ҳамда ташкилотчиларнинг таклиф ва фикрлари асосида бундай амалий тадбирларни янада кўпайтириш, бу эса ўз навбатида барча учун бирдек фойдали эканлиги шунингдек, институт ҳамда вазирлик ўртасидаги бундай ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича келишиб олинди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати