Исроил давлатининг элчиси ТИҚХММИга ташриф буюрди
Давлатлараро ҳамкорликнинг натижаси ўзаро манфаат асосидаги тараққиётга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Инновацион ва инвестицион фаолият ҳам ана шу мақсад заминига қурилгани билан характерланади. Исроил давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Зеавит Бен Хиллелнинг Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ташрифи ҳам худди шу маънода катта моҳият касб этди. ТИҚХММИ ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич билан элчининг мулоқоти самимий тарзда, ўзаро ҳамкорлик ва тажрибаларини алмашиш йўсинида, дўстона руҳда ўтди.
Институт ректори даставвал, ташриф учун элчи жанобларига ўз миннатдорчилигини билдириб таълим муассасамизда олиб борилаётган халқаро фаолият ҳақида маълумот берди. Сўнгра институт ҳаёти ва қизғин тарздаги иш ва ўқув жараёни, замонавий технологиялар билан жиҳозланган аудитория ва лабораториялар, хорижлик талабаларнинг мамнунлиги акс этган видеоролик намойиш этилди. Кейин элчи жаноблари Зеавит Бен Хиллелга мамнуният билан сўз берилди. Элчи ТИҚХММИга ташриф ва кенг равишда танишиш иш режасидаги биринчи мақсадларидан бири бўлганини, хурсандчилигини таъкидлади. Сув, суғориш муаммоси, томчилаб суғоришнинг ўзига хос масалалари жаҳоншумул аҳамият касб этганини таъкидлаб, бунинг учун ўзаро маслаҳатлашиш ва ҳамкорлик йўлида орттирилган тажрибалар муҳим эканини эътироф этди.
Исроил NETAFIM компаниясининг сув тежовчи технологияларини жалб қилган ҳолда институт ҳудудида намойиш майдончасини яратиш имкониятларини муҳокама этиш учрашувдан кўзланган асосий мақсад бўлди. Мулоқот якунида элчи жанобларига ва бирга ташриф буюрган ходимларга миннатдорчилик билдирилди ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди. Улар фахрий меҳмонларнинг истаклари муҳрланадиган альбомга ўз тилакларини ёзиб қолдиришди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати