Танлов ғолиблари тақдирланди

Институтимизда ҳар йили “22 март - Бутунжаҳон сув куни” муносабати билан  ушбу санага бағишланган тадбирлар кўтаринки тарзда, турли мусобақавий йўсиндаги ўйинлар ва таниқли шахслар билан учрашувлар тарзида ўтказилган. Бу йилги тадбир Пандемия шароитига тўғри келгани боис айнан белгиланган куни ўтказилмаган бўлсада, вазиятдан келиб чиққан ҳолда, онлайн тарзда мусобақавий тадбирлар, танловлар мунтазам ўтказиб турилди. Маълумки, 1992 йилда Рио Де Жанейрода ўтказилган БМТнинг «Атроф муҳит ва ривожланиш» конференциясида бутун жаҳонда сув ресурслари кунини нишонлаш таклифи билдирилган. БМТ Бош ассамблеяси 1993 йили 22 февралида (47/193 сонли) резолюцияни имзолади ва 22 март кунини “Бутунжаҳон сув куни” деб эълон қилди.  Ушбу кунни нишонлашдан асосий мақсад, инсониятни сувдан самарали фойдаланиш ва уни асраш, сув ресурсларини келажак авлодга яхши ҳолатда етказиб беришдан иборатдир. Ҳар йили «Бутунжаҳон сув куни» маълум бир шиор остида нишонланади. Ушбу кун 2017 йилда «Оқова сувлар», 2018 йилда Табиат сув учун (Nature for Water), 2019 йилда “Сув муаммоси – жамият муаммосидир: унинг ечими ҳеч кимнинг назаридан четта қолмаслиги керак” шиори остида нишонланган бўлса, 2020 йилда “Сув ва иқлим ўзгариши” шиори остида нишонланиши белгиланди.

ТИҚХММИ ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида 2020 йилда “СУВ ВА ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИ” шиори билан  республика ОТМ талабалари учун ташкил этилган танлов ўз якунига етди.   Шу муносабат билан, 25 август куни, соат 11:00 да танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган онлайн учрашув  ташкил этилди. ТИҚХММИ ректори, Республика олий таълим кенгаши раиси, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич иштирокчиларга ва меҳмонларга ўзларининг самимий тилакларини билдириб  тадбирни очиб бердилар. Ректор бугунги кунга келиб сув ресурсларини рационал бошқариш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш – дунёда бутун бошли минтақалар ва мамлакатларнинг барқарор иқтисодий тараққиётида ҳал қилувчи аҳамияти касб этувчи масаларидан бирига айланганини, Сув ресурсларига бўлган талаб ортаётганлиги билан бирга, сувнинг тақчиллиги ҳам йилдан йилга ошиб бораётганини таъкидлаб ўтди.

Сўнгра тадбир давомида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбар ўринбосари ЮССИ НАРВИ ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили МАТИЛЬДА ДИМОВСКАларнинг дил истаклари тингланди. "Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастури, Европа Иттифоқининг «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш» дастури доирасида амалга оширилаётган «Техник салоҳиятни мустаҳкамлаш» лойиҳаси ташаббуси билан ҳамда республикамизнинг 2020 йилги давлат дастуридан келиб чиқиб 13-18 март кунлари мазкур тадбирларда ёшларнинг сувдан оқилона ва самарали фойдаланишдаги тутган ўрни, сув ресурсларини бошқариш ва мамлакатимизни барқарор ривожлантириш масалалари бўйича республика олий таълим муассасалари талабалари ўртасида танлов ва мунозаралар ўтказилишига жорий йилнинг феврал ойидан старт берилиб, ҳаракатлар бошлаб юборилганди, - дейди интитут проректори Тоҳир Султонов.

13 март куни:

-“Сув –бу ҳаёт” мавзусида постерлар танлови;

-“Ўзбекистондаги сув ресурсларини бошқаришда иқлим ўзгаришини таъсири” мавзусида баҳс-мунозара.

16 март куни:

-“Иқлим ўзгариши шаротида сув ресурсларидан фойдаланишнинг инновацион услублари” мавзусидаги интеллектуал ўйинлар ўтказилди.

Ташкилий Қўмита, Covid-19 инфекциясини республикамизда ҳам қайд этилиши, Олий таълим муассасаларида ўқишни вақтинчалик тўхтатилиб, онлайн шаклга ўтиши, шунингдек, жамоат жойларида одамларни тўпланишининг олдини олиш мақсадида “Сув куни”нинг қолган тадбирларини маълум муддатларга қолдиришга тўғри келди.  Лекин, қолдирилган тадбирлар ҳам ташкилотчилар билан келишилган ҳолда июн-июл ойларида танловга қўйилган талабларга бир оз ўзгартиришлар киритган ҳолда онлайн тарзда ўтказилишига эришилди. Бу йилги тадбирда ТИҚХММИдан ташқари Навоий давлат кончилик институти, Жиззах политехника институти, Самарқанд давлат архитектура қурилиш институти, Наманган муҳандислик иқтисодиёти институти, Тошкентдаги Турин политехника институти, Қозон Федерал университети, ТИҚХММИнинг Қарши ва Бухоро филиаллари  талабалари, ҳамда Тошкент шаҳрининг 23-мактабнинг 25 дан ортиқ ўқувчилари фаол иштирок этишди. Тадбир ниҳоясида танлов натижалари бўйича ғолиб талабалар ва жамоалар тақдирланишди. Уларга ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар улашилди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати