ТИҚХММИда “Лойиҳалаш гурухлари”ни ташкил этиш тўғрисида ректор фармойиши қабул қилинди

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялар мухандислари институти ректорининг 2019 йил 25 сентябрдаги 99/Ф -сонли фармойиши билан институтда 4 та йўналишда лойиҳалаш гурухлари ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2019 йил 19 сентябрь куни сув ресурсларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилиб, бу масалага алоҳида тўхталинган. Шунингдек, соҳадаги муаммоларга ечим излаш, бошқарув тизимини такомиллаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унга алоқадор ташкилот ва корхоналарга бир қатор вазифалар берилган эди.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2030 йилгача мўлжалланган Стратегиясида сувдан фойдаланиш ва уни тежаш бўйича долзарб чора-тадбирлар белгиланди. Йиғилишда сув хўжалигида илм ва инновацияни жадал ривожлантириш, ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғлаш масаласи ҳам муаммолар ечимига дахлдорлиги таъкидланилган.

Институтда ёш олимларнинг илмий ишланмаларини амалиётга татбиқ этиш, талабаларда лойиҳалаш кўникмасини шакллантириш, хорижий тажриба ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда тизимга инновациялар киритиш, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвийлиги, илмий фаолият интеграцияси таъминланишига қаратилган 4 та:

-Сув тежамкор суғориш тизимларини лойиҳалаш;

-Гидротехника иншоотларини лойиҳалаш;

-Гидроэнергетика объектларини лойиҳалаш;

-Қишлоқ ва сув хўжалиги объектларида электр таъминоти тизимларини лойиҳалаш гурухларини ташкил этиш бўйича ректор фармойиши қабул қилинди.

Институтнинг профессор-ўқитувчилари, иқтидорли талабалари ва лойиҳа ташкилотлари мутахассисларини ўз ичига олувчи бу – лойиҳалаш гурухлари “вақтинчалик ижодий жамоа” кўринишида ташкил этилади.

Лойиҳалаш гурухларига раҳбар сифатида фан-таълим-ишлаб чиқариш интеграцияси бўйича фаол олимлар раҳбарлик қилишади. Шунингдек гурух раҳбарларига икки ҳафта муддатда лойиҳалаш гуруҳларининг таркибини шакллантириш, гурухнинг Низоми ва иш режалари ишлаб чиқиш, тасдиқлатиш вазифалари қўйилди.

Лойиҳалаш гуруҳларининг самарали фаолияти учун тегишли хоналар ажратилади ва улар зарурий жиҳозлар билан таъминланади.

Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Т.Султонов