Президентга камарбасталик
Ҳар қандай давлатнинг истиқболини унинг ёшларисиз тасаввур қилиш қийин. Чунки куч, янгилик ва ташаббус ҳамда ташкилотчилик унда мужассам. Ёшларга қандай таълим берилса, эрта индин унинг самараси ҳам шунга мос бўлади. Шунинг учун ҳам ёшларнинг илм чўққиларини эгаллашларида катта авлоднинг қанот бўлиши ҳақиқат. Шунинг учун ҳам Мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ ёшларга оид давлат сиёсати устувор вазифа бўлиб келаётгани сир эмас.
Она юртимиз, жонажон халқимиз, улуғ ватанимиз ёшлардан нима кутаётганлигини президентимиз нима кутаётганларини ўтган йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал -Хоразмий номидаги ижод мактабида, куни кеча Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига йўллаган Мурожаатномасида рўйи рост ифода этдилар. Ёшлар муаммоларига, улар олдида кўндаланг турган вазифаларга тўхталиб, "Ҳали олдимизда қиладиган ишларимиз жуда кўп ва бу борада ёшлар мамлакатнинг таянчи бўлади",- дея ишонч билдирганлари бежиз эмас.
Бугун бўлиб ўтган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Ўзбекистон республикаси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган "Биз, ёшлар - Президентимизга камарбастамиз!" деб номланган маърифий учрашув юқоридаги мулоҳазаларнинг исботи ўрнидаги дадил қадам десак, муболаға бўлмайди. Тадбирда нуфузли меҳмонлар, офицерлар, ҳарбий оркестр ва профессор ўқитувчилар, талаба ва магистрантлар иштирок этишди. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси остида тадбир очилгач, уни институт ректори Умурзаков Ўктам Пардаевич кириш сўзи билан очиб бердилар. Тадбирда Давлат ва жамоат арбоби, академик Оқил Умурзоқович Салимов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Искандаров Саъдулла Искандарович, Ўзбекистон Республикаси биринчи Мудофаа вазири, генерал-полковник Рустам Ўрманович Аҳмедов, Ўзбекистон Қаҳрамони Қурбонов Равшан Давлатовичлар галма гал сўзга чиқиб ўзларининг ҳаётий ва илмий тажрибаларини ўртоқлашишди.
Бадиий қисмда Ўзбекистон Республикаси Мудофа Вазирлиги ашула ва рақс ансамбли солисти, подполковник Марат Хакимов, ижросида қўшиқ янгради, сўнгра Тоифали объектларни қўриқлаш қўмондонлигининг ҳарбий хизматчи аёллари Покиза Валихонова, Дилдора Мамарасуловалар ижросида дилбар тароналар таралди. Тадбир якунида Қуролли кучлар Марказий ашула ва рақс ансамблининг хонандаси Ботир Ҳожиев ижросида "Миллий армиям" номли қўшиғи ижро этилди. Сўнгра институт ректори тадбир меҳмонларини самимий дил изҳорлари ва гуллар билан хушнуд этдилар.
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов