“COVID-19 дан кейин: Барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ – овқат хафвсизлиги” мавзусида онлайн вебинар ташкил этилди

2021 йилнинг 27 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамкорлигида докторантлар ва ёш олимлар учун “COVID-19 дан кейин: Барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ – овқат хафвсизлиги” мавзусида онлайн шаклда вебинар ташкил этилди.

Вебинар ТИҚХММИ ректори Ў.Умурзаков, Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчиси Н.Қосимовлар томонидан очилиб, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассосиацияси вакили К.Бедиевнинг модераторлигида ўтказилди. Мазкур вебинарда таниқли ёш олимлар, ватандошларимиз: Германиянинг Лейбниц қишлоқ хўжалиги ландшафтлари тадқиқот маркази (ZALF) профессори, доктор  Дилфузахон Эгамбердиева; Берлиндаги Гумболдьт Университети профессори, доктор Ахмаджон Хамидов; Ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Лейбниц институти (ИАМО) профессори, доктор Нодиржон Джанибековлар “COVID-19 давридан кейинги органик қишлоқ хўжалиги”, “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш истиқболлари”, “Озиқ-овқат хавфсизлигига эришишда сув тежамкор суғориш технологиялари” мавзуларида ўзларининг илмий – оммабоп маъруза-тақдимотларини қилишди.

Маълумки, бугунги кунда қишлоқ хўжалигида катта маблағ сарфлаб кам фойда олиш эмас, балки кам харажат қилиб кўп фойда олиш тўғрисида ўйлаб кўриш вақти етди. Чунки қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётида энг муҳим соҳа бўлиб қолмоқда ва ялпи ички маҳсулотнинг 28,2 фоизини ташкил этмоқда. Мамлакатнинг озиқ-овқатга бўлган талабини қондириш мақсадида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ва қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш ҳамда уларнинг даромадини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Чунки, кузатилаётган ўзгариб турувчи табиий иқлим, аниқ бир меъёрга эга бўлмаган ёғинлар, совуқ қиш ва ёзнинг қуруқ иссиғи экинлар ҳосилдорлигининг бир маромда ошишига салбий таъсир этмоқда. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда республикамизда деҳқончиликни янада ривожлантиришда ресурс тежовчи технологиялар бўйича илмий тадқиқотларнинг янги усулларини яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш зарурияти мавжуд.

Ушбу вебинар қишлоқ хўжалигининг долзарб масалалари ва муаммоларини илмий томондан ҳал этишда ёш олимлар ва вебинар иштирокчилари учун ўзларининг илмий тадқиқот ишларини бажаришларида фойдали бўлади. Вебинарда ТИҚХММИ, ЎзМУ, ТашДАУ ва бошқа қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрловчи ОТМларнинг докторант ва ёш олимлари иштирок этишди. 

 

ТИҚХММИ матбуот хизмати