Creative Spark дастури доирасидаги вебинар

Ривожланган мамлакатларнинг қиёфаcи ва тузумнинг гуманистик моҳияти одатда, жамиятдаги хотин - қизларга муносабат ва уларнинг ижтимоий ҳаётда тутган рутбаси билан белгиланади. 2020 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ислоҳотларимизнинг устувор йўналишларидан бири хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини янада оширишдан иборат эканини таъкидлаган эдилар.

Ана шу муносабат билан, 2021-йилнинг 26 февраль куни Британия Кенгаши ҳамда «Эл-юрт умиди» жамғармаси, Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий таълим кенгаши билан ҳамкорликда «Хотин-қизларнинг креатив таълим ва креатив соҳалардаги имкониятларини кенгайтириш» мавзусида вебинар бўлиб ўтди.

Ушбу вебинарни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим кенгаши раиси - Ўктам Пардаевич, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги илмий тадқиқот ва инновацияларни ривожлантириш бошқарма бошлиғи - Адхам Худойкулов, шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси директор ўринбосари - Одилжон Саттаров, Буюк Британиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси - Тим Торлот ҳамда Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори - Рейчел Айленд очиб бердилар.

Илк сўз берилган Ўзбекистон Республикаси Олий таълим кенгаши раиси - Умурзаков Ўктам Пардаевич ўз нутқида қуйидагиларни эътироф этдилар. "Кун тартибидаги бу масала нафақат алоҳида мамлакатлар, балки бутун минтақалар ва дунё миқёсидаги барқарор тараққиётга эришиш йўлидаги муҳим масалалардан бири" эканини таъкидладилар. Шунингдек, Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаёти ривожининг барча йўналишларида олиб борилаётган кенгқамровли ислоҳотлар доирасида мазкур масалага ҳам давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этиб, асос сифатида қуйидаги рақамларни келтирдилар.

Кейинги беш йил мобайнида Президентимизнинг раҳнамолигида гендер масаласига эътибор юқори бўлаётгани, аёллар масаласи бўйича 24 та меъёрий ҳужжат қабул қилингани, Парламентнинг юқори палатасида, яъни сенатда 30 фоизни, қуйи палатасида 32 фоизини, маҳаллий кенгашларда 25 фоизини, қолаверса, Олий таълим тизимида меҳнат қилаётганларнинг 41 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани таъкидланди. Айни пайтда 7 нафар Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, 600 га яқин фан докторлари, 2 мингдан ортиқ фан номзодлари ва фалсафа докторлари хотин-қизлардан экани мақсаднинг улуғ, масаланинг қутлуғ эканининг нишонидир.

Вебинарда хотин-қизларни таълим олиш имкониятини берадиган маданиятни ривожлантиришнинг асосий долзарб ёндашувлари тўғрисида Британиялик эксперт Клэр Шайман ўзининг профессионал фикри билан алмашди. Яна бир Британиялик меҳмонимиз Шиан Прайм Асосий стереотиплар вa эскича фикрлашдан воз кечиб ва қандай қилиб креатив ва кенг ўйлаш ҳақидаги ўз тақдимотини намойиш этди. Республикамизда алоҳида эътибор қаратилаётган мавзуда, яъни таълим, фан вa бизнесда етакчи лавозимларда муваффақият қозониш учун хотин-қизларни қандай илҳомлантириш вa тайёрлаш борасида амалий маслаҳатлари ва маърузаси билан Марта Гаспарин иштирок этди. Вебинар давомида талант вa кўникмаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун таълим вa бизнес сектори қандай ҳамкорлик қилиши мумкинлиги ҳамда аёллар вa қизларнинг имкониятларини кенгайтириш учун зарур бўлган макро даражадаги ҳаракатлар масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Британиялик экспертлар Кейт Тетли ва Сара Анна Кеннедилар ушбу масалалар бўйича ўзларининг қимматли маслаҳатларини бериб ўтишди.

Шунингдек, вебинарда Ўзбекистон Республикаси депутатлари, олий ўқув юртларининг раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари, “Creative Spark” лойиҳа жамоаси, бошқа таълимга оид лойиҳалар вакиллари ва бизнес ҳамкорлар, шунингдек “Эл-юрт умиди” жамғармаси вакиллари ва стипендиатлари иштирок этишди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов