Музей - мозий кўприги

Жорий йилнинг 26 - март куни ТИҚХММИ Қарши филиали Қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультети Экология ва атроф муҳит муҳофазаси таълим йўналиши 127-гуруҳ талабалари гуруҳ мураббийи И.Ғаниев бошчилигида Қашқадарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейига ташриф буюришди. Ташриф давомида талабаларга музей катта илмий ходими Р.Ҳасанов Қашқадарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи 1975 йилда Қарши шаҳрида ташкил этилганлиги, музейда тарих, халқ амалий санъати, табиат, хотира ва қадрият бўлимлари борлигини, музей фондида 38 мингдан зиёд нумизматика, археология, тасвирий ва амалий санъат асарлари, тарихий ҳужжатлар, нодир қўлёзмалар, китоблар, маиший ва этнографияга оид экспонатлар мавжудлиги ҳақида маълумот бериб, талабалар томонидан берилган қизиқарли саволларга жавоб берди.

Шунингдек, талабалар музейда ёш олимлар томонидан илмий текшириш ишлари ҳам олиб борилаётганлигининг гувоҳи бўлишди. Воҳа тарихини, санъат асарларини ўзида жамлаб, беминнат хизмат қилиб келаётган Қашқадарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейига бугунги кунда ташриф буюрувчилари сонининг тобора ортиб бораётгани таҳсинга сазовор.

Музейлар ўтмиш билан бугунни боғловчи маънавият кўприги ҳисобланади. Қашқадарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи биноси Қарши шаҳрининг кўркига кўрк қўшиш билан бирга аҳоли, шу жумладан, ёшларимизни тарихимизга, миллий урф-одат ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

 

ТИҚХММИ Қарши филиали Илҳом Ғаниев ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати