Ўртачирчиқ тумани Халқ таълими бўлими тасарруфидаги 55-сонли умумий ўрта таълим мактаби битирувчиларининг институтимизга ташрифи
2021 йил 24 апрель куни 55-мактаб директори бошчилигида 25 нафар шу мактаб битирувчилари ТИҚХММИ га ташриф буюришди. Уларни институтнинг асосий кириш эшиги олдида ГТҚ факультети декани, проф. Б.Б.Ҳасанов, “Назарий ва қурилиш механикаси” кафедраси профессор-ўқитувчилари кутиб олишди.
Шундан сўнг институт Б биносида жойлашган Анжуманлар залида мактаб битирувчи ёшларини институт билан яқиндан таништириш мақсадида учрашув ташкил этилди. Ушбу тадбирда институт Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Т.З.Султанов, ЎзР ФА М.Т.Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти директори, проф. К.С.Султанов, ГТҚ факультети декани проф. Б.Б.Ҳасанов, Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримов илмий-маърифий мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари в.б. А.Ишматов, “Назарий ва қурилиш механикаси” кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда ГТҚ факультети “Механика ва математик моделлаштириш” йўналиши 1-курс талабалари ҳам иштирок этишди.
Дастлаб, кафедра доц. Ш.Худойназаров меҳмонларни тадбир иштирокчилари билан таништирди ва кириш сўзини проф. Б.Б.Ҳасановга берди. Сўнгра институт фаолиятига оид қисқа видеоролик намойиш этилди. Институт Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори проф. Т.З.Султанов сўзга чиқиб, мактаб битирувчиларини институт таркибий тузилмаси, факультетлар, йўналишлар, тайёрланадиган мутахассис кадрлар ҳамда улар фаолият юритадиган соҳалари билан батафсил таништирди.
Шунингдек институтда талаба ёшлар учун яратилган шароитлар, хусусан, талабалар турар жойлари, талабаларнинг бўш вақтларини самарали ва мазмунли ўтказиш учун яратилган шароитлар ва имкониятлар, спорт комплекси, институт маданият саройи, у ерда фаолият олиб бораётган турли тўгараклар ҳақида тўхталди. ЎзР ФА Механика институти директори ва кафедрамиз профессори К.С.Султанов ўз сўзида мактаб битирувчиларига юртимизда баркамол авлод камолоти, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганлиги, ўғил-қизларни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон сифатида тарбиялаш масаласига ўзига хос тарзда, замонавий усуллар асосида ёндашилаётганлигига урғу берди.
Ёшларининг янги-янги марраларни забт этишига, уларнинг юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдириб, уларга бу йўлда омадлар тилади. Кафедра доценти Қ.Хусанов инженерлик йўналиши бўйича тайёрланадиган бакалаврлар нималаларни билиши кераклиги ҳақида гапириб, “Назарий механика” фани, унинг инженер кадрлар тайёшлашдаги роли тўғрисида тўхталди. Шунингдек, тадбирда “Механика ва математик моделлаштириш” йўналиши 1-курс фаол талабалари мактаб ўқувчиларига Олий таълимда билим олиш ҳақида, бу институтнинг бошка институтлардан фарқи ва ўқишни бошлаганидан бери нималарни ўрганганлиги ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Тадбир, мактаб битирувчиларини қизиқтирган саволлар ва уларга жавоблар тарзида якунига етди. Тадбир сўнгида “Назарий ва қурилиш механикаси” кафедраси меҳмонларга ўзларининг эсдалик совғаларини топширишди.
Ташрифнинг навбатдаги босқичида мактаб битирувчилари “Назарий ва қурилиш механикаси” кафедрасига борилди. У ерда кафедра ассистентлари С.Хамидов ва Қ.Тўражоновлар талаба бўлиш остонасида турган мактаб битирувчи ёшларига уларни қизиқтирган математика, физика фанларидан маҳорат дарсларини ўтиб бердилар. Шундан сўнг меҳмонларга факультет декани ва кафедра аъзолари ҳамроҳлигида институт ҳудуди бўйлаб таништирув уюштирилди. Ўқув бинолари, Ўзбекистон қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов номидаги ёшлар боғи, спорт мажмуаси, ўқув лабораториялар, маъруза заллари бориб кўрилди. Мактаб битирувчилари ташриф сўнгида институт ахборот маркази биносида ташкил этилган Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов музейида бўлишди. Ташриф сўнгида меҳмонлар билан ректорат биноси олдида эсдалик учун суратга тушилди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати