“Инновация” гуруҳи

Сўнгги йилларда оммавий ахборот воситаларида, электрон ва босма нашрларда “инновация” сўзи кўп учрайдиган бўлиб қолди. Инновация бу нима ўзи? Бу атама қачон пайдо бўлди? “Innovation” тушунчаси биринчи бўлиб XIX асрнинг илмий тадқиқотларида пайдо бўлди. “Инновация” атамаси лотинча “novatio” сўзидан олинган бўлиб, “янгиланиш”, “ўзгариш”, “in” қўшимчаси эса лотинчадан таржима қилинганда “йўналишида” маъносини ифодалайди. Агар уни яхлит “Innovatio” кўринишида таржима қилсак – “ўзгаришлар йўналишида” деб изоҳланади. Инновация – бу бозор талабидан келиб чиққан ҳолда жараёнлар ва маҳсулотларнинг сифатли ўсиш самарадорлигини таъминлаш учун жорий этилган янгиликдир. Инновацияга ҳар қандай турдаги янгилик сифатида эмас, балки мавжуд тизимнинг самарадорлигини жиддий равишда оширадиган омил сифатида қарашимиз лозим.

“Гидромелиорация” факультети “Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш” таълим йўналиши 307-гуруҳ талабалари институтимизнинг Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган “Илмий-ўқув маркази” да бўлиб ўтаётган ишлаб чиқариш амалиёти давомида, амалиёт раҳбари Нодир Гадоев бошчилигида, ўзлари учун ажратилган экин майдонга сув тежовчи инновацион технологияларни қўллаб, хусусан, томчилатиб суғориш тизимини лойиҳалаб, тарқатувчи қувур ва суғориш шлангларини экин майдонга ўз қўллари билан ўрнатишмоқда. Ўрнатиш жараёнидаги талабаларнинг шижоати ва ғайрати уларнинг ўз соҳаларига бўлган қизиқишларини яққол намоён этмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди. Бу соҳадаги ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма пайдо қилмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз!” Ўзгаришларни, янгиликларни доимо қўллаб-қувватлаб, янада кўпайтириб боришимиз керак. Негаки, инновация бу – ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишни таъминлашга қаратилган янгиликдир. Тез ривожланаётган, илм-фан соҳасида тобора яхшиланаётган давлат эса дунёдаги энг тараққий этган давлатлар рўйхатида етакчилик қилади. Инновация – бу иқтисодий ўсиш, демакки, ижтимоий фаровонлик ва жамият ривожининг гаровидир. Қолаверса, яхши инновациялар кўплаб инвестицияларни олиб келади. Инновацион ривожланиш йўлини танлаган Ўзбекистон эса мана шундай катта йўлнинг бошида!

 

“Гидромелиорация” факультети 307-гуруҳ талабаси Азизбек Ҳасанов ахбороти

ТИҚХММИ матбуот хизмати