АКАДЕМИК СИМПОЗИУМ

Бугунги кунда Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиши долзарб масалалардан бири сифатида юзага чиққани сир эмас. Шунинг учун ҳам ана шу мавзуга бағишланган Академик симпозиум жорий йилнинг 27 май куни, яъни бугун  институтимизда ўз ишини бошлади. «Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги барқарор ривожланиши» «Sustainable Agricultural Developmentin Central Asia (SUSADICA) дастури бўйича 2 та очиқ маъруза айниқса, эътиборга молик бўлди. Германиянинг Гиессен университети профессори Мартин Петрик “Иқтисодий - ижтимоий фанларнинг қишлоқ хўжалиги ривожидаги ўрни” ҳамда Корея Республикасининг Кангвон Миллий университети профессори Кианг Рианг Кимнинг “Марказий Осиёдаги суғориладиган қишлоқ хўжалиги экинларини диверсификациялаш: ислоҳотлар ва унинг ижтимоий оқибатлари” мавзуидаги маърузалари манфаатли ҳамкорлик борасидаги ижобий ишларимизнинг самараси дейиш ўринлидир.

Ушбу SUSADICA дастурининг мақсад ва вазифалари борасида мухтасар маълумот бериш ҳам жоиз. Дастур мақсади Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиши билан боғлиқ масалаларга қаратилган иқтисодий, ижтимоий ҳамда экологик барқарорликни ифодаловчи йўналишлари бўйича 5 та -  фермер хўжаликлари реструктризацияси ва меҳнат муносабатлари, қишлоқ хўжалигида инновацион технологиялар, аграр сиёсат, атроф-муҳит ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига таъсири, сув ресурсларини бошқариш мавзуларида илмий тадқиқотлар олиб боришдан иборат. ТИҚХММИ да 10 нафар (5 нафари Ўзбекистон, 1 Германия, 1 Колумбия, 1 Туркманистон ва 2 нафар Қирғизистон) докторантлар илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда.

Ушбу мақсадларни амалга оширишда ва тадқиқотчиларга қулай илмий муҳит яратиш мақсадида ТИҚХММИ барча имкониятларни амалга оширмоқда. Жумладан, ушбу структуравий докторантура дастури давомида ТИҚХММИда  PhD тадқиқот тренинглари, турли нуфузли олимлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари маърузалари, семинар ва конференциялар, турли тақдимотлар ўтказилади. Шу билан бевосита боғлиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Академик инновацион фонди(АИФ) гранти асосида “Аграр инновациялар ва ресурслардан фойдаланиш бўйича предметлараро иқтисодий лаборатория” лойиҳаси  юзасидан қисқача маълумот келтирамиз.

Мақсади ТИҚХММИ да “Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш” магистратура мутахассислиги бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш ҳамда профессор-ўқитувчилар илмий салоҳияти ва малакасини ошириш ҳисобланади. Германия ва ТИҚХММИ олимлари ҳамжиҳатлигида ташкил этиладиган инновацион “Аграр инновациялар ва ресурслардан фойдаланиш бўйича предметлараро иқтисодий лаборатория” да тандемда ишлашади. Ушбу экспериментал лаборатория иқтисодий ва техник – муҳандислик фанларини бир-бирига боғлаган ҳолда фаолият юритади. Ўқув дастурларини такомиллаштиришда лойиҳа иштирокчилари учун Германия ва ТИҚХММИ да турли мавзуларда, жумладан, танқидий ёндошув(критическое мышления), академик ёзиш, тақдимот санъати бўйича семинар-тренинглар ташкил этилади.

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов