Анъанавий Ўзбекистон-Россия таълим форумида ТИҚХММИ Бухоро филиали ҳам иштирок этди ва истиқболли меморандумларни имзолади

Қадимдан илму ирфон маскани бўлган Бухорои шарифда Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ректорларининг учинчи минтақалараро конференцияси бўлиб ўтди. Халқаро форумни ўтказишдан асосий мақсад Ўзбекистон ва Россия ўртасида замонавий йўналиш ва мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқот соҳасида ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан иборат эди.

Минтақалараро анжуманда икки мамлакатнинг юқори мартабали давлат ҳокимияти органлари вакиллари ҳамда 80 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасаси ректорлари иштирок этди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор АБДУВАХИТОВ, Россия Федерацияси Президенти Хорижий мамлакатлар билан худудлараро ва маданий алоқалар бўйича бошқарма бошлиғининг ўринбосари Антон РИБАКОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир ТОШҚУЛОВ, Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирининг ўринбосари Дмитрий АФАНАСЕВ кириш сўзлари билан анжуман қатнашчиларига мурожаат қилдилар.   Анжуман дастуридан, шунингдек, иш берувчилар эҳтиёжларига мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий-педагогик ходимлар ва иқтисодиётнинг реал секторидаги корхона раҳбарлари учун малака ошириш ва қўшимча касб таълими дастурларини ташкил этиш, икки давлат олий таълим муассасаларининг замонавий шароитлардаги ҳамкорлигининг инновацион механизмларини ишлаб чиқиш каби кенг қамровли мавзулар ўрин олди.    

Анжуман якунида мазкур йўналишлар бўйича икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Конференцияда ТИҚХММИ Бухоро филиали номидан  филиал директори Шавкат Жахонович Имомов иштирок этди. Конференция давомида филиалнинг ўзига хос тарғиботи ҳам ташкил этилди. ТИҚХММИ Бухоро филиали Россия Федерациясининг бир қатор қишлоқ хўжалигига ихтисослашган олий таълим муассалари билан меморандумлар имзолади ва бир қатор мутассадди вакиллар билан давомли ва биргаликдаги ўқув дастурларини амалга оширишга келишиб олинди.

 

ТИҚХММИ Бухоро филиали mатбуот хизмати
ТИҚХММИ матбуот хизмати