26 июнь - Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни

2 - талабалар турар жойида 5 қават  дарс хонасида давра суҳбати бўлиб ўтди. Ҳозирги кунда гиёҳвандлик глобал муаммолардан биридир. Аср вабоси деб баҳоланаётган “оқ ажал” қанчадан-қанча инсонларнинг бахтига зомин бўлаётгани, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга одатланиш оқибатида ногирон, жисмоний ва ақлий нуқсони бор болалар дунёга келаётгани ҳақида ўйласак, янада сергак тортамиз. Оғунинг қулига айланиб қолаётган замондошларимизни тўғри йўлга қайтариш барчамиз учун фойдалидир. Шундай экан, оилаларимиз тинчлиги, фарзандларимиз келажагига раҳна солаётган, жиддий хавфга айланган гиёҳвандликка қарши биргаликда курашишимиз шарт.  Айни кунларда аср вабосига айланган гиёҳвандликка қарши курашиш жамиятимизнинг ҳар бир фуқароси олдида турган муҳим ва долзарб вазифадир. Гиёҳвандлик воситаларининг катта миқдорда етиштирилаётгани ва сайёрамиз бўйлаб шиддат билан тарқалаётгани келажаги учун қайғурадиган ҳар бир миллатни ташвишга солиши, шубҳасиз.

Оғунинг қулига айланганларни даволашдан кўра, гиёҳвандликка чалинишнинг олдини олган минг марта афзал. Демак, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик иллатларидан, бошқа турли ҳалокатли таҳдидлар ҳамда биз учун ёт бўлган диний ва экстремистик таъсирлардан, тубан “оммавий маданият” хуружларидан ҳимоя қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Шоир Ботиржон Эргашевни шу мавзуга оид шеърлари талабаларга ўқиб эшиттирилди. ГТС факультетининг талабалари иштирокида ўтган тадбир барчага бирдек маъқул бўлди.

Ота-онанг йиғлар, қайтгин, жон болам, деб,

Сен юрибсан шўрликларнинг ич-этин еб.

Ахир улар ёвмас, сенинг умрингга зеб,

Фарзанд бўлиб хизматида бўлсанг-чи банд,

Билгин, тоғ не, ё жар нима, эй Гиёҳванд!

 

Гиёҳванднинг дўсти бўлмас, ёри бўлмас,

Ҳаром-хариш айшдан бошқа кори бўлмас.

Кўчада хор бўлиб, одам каби ўлмас,

Ундан кўра уйлар қургин баланд-баланд,

Билгин фойда-зарар нима, эй, Гиёҳванд!

 

Дунё сенга дўст деб қўлин узатмоқчи,

Сенинг ҳар бир қадамингни кузатмоқчи.

Дардкаш бўлиб дардларингни тузатмоқчи,

Сен ҳам унинг ниятига бўлиб пайванд,

Билгин, қум не, ё зар нима, эй Гиёҳванд!

 

Гиёҳвандга шох чиқмаган сенгача ҳам,

Қадри бўлмас бир чақалик тангача ҳам.

Касофати урар жону тангача ҳам,

Етар, бўлди, яхши гапни қилиб писанд,

Билгин, тун не, саҳар нима, эй Гиёҳванд!

 

 

 

Тарбиячи-педагог, психолог Сагдуллаева Дилором ахбооти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов