Сувдан мақсадли ва унумли фойдаланишда ҳамкорликга таянган Германия тажрибаси
Жорий йилнинг май ойида Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) томонидан Европа иттифоқининг кўмаги остида амалга оширилаётган “UzWaterAware” лойиҳаси доирасида Германия давлатининг сув ресурслари ва ундан оқилона ҳамда самарали фойдаланиш бўйича кўп йиллик тажрибаларини ўрганиш мақсадида ўқув сафари амалга оширилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ҳамда МОМЭМ мутахассислари иштирок этдилар.
Ўқув сафари давомида делегация вакиллари Германия давлатининг бир қатор сув ва атроф муҳит билан боғлиқ масалалар билан шуғулланадиган вазирлик, давлат муассасалари ва илмий тадқиқот институтларига жумладан: Германиянинг атроф-муҳит, табиатни муҳофаза қилиш ва ядро хавфсизлиги федерал вазирлиги, Германияда сув таъминоти ва оқава сувларни бошқаришда йирик Berlin Water Works компанияси, Германиядаги коммуникацион консалтинг хизматларини кўрсатувчи йирик Deekeling Arndt / AMO, (DAA) компанияси, Berlin Water Works компанияси, Вуппертал иқлим, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва энергия институти, Water Integrity Network, Потсдам шаҳрида жойлашган Барқарорлик бўйича истиқболли тадқиқотлар институти (IASS), Халқаро бошқарув ва IMW иқтисодий билимлари бўйича Фраунгофер маркази, Бремен хорижий тадқиқот ва ривожланиш ассоциацияси BORDA, ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси жамияти каби объектлар раҳбарлари ва мутахассисларнинг маърузалари ва тақдимотларида иштирок этдилар.
Учрашув давомида делегация вакилларига ҳам назарий ҳам амалий билимлар берилди. Сув билан боғлиқ бўлган масалалар юзасидан Германия давлатининг тажрибалари ўрганилди. Бинобарин, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, уларни юртимизда қўллаш ҳамда ишлаб чиқариш ва таълимни боғлаш муҳим масалалардан биридир. Турли ташкилотларни боғлаш, коммуникацияларини умумлаштириш, уларнинг ғояларини сиёсатчилар ва давлат раҳбариятига олиб чиқиш Германия давлати учун ҳам муҳим вазифалардан биридир. Бу борада Германиянинг атроф-муҳит, табиатни муҳофаза қилиш ва ядро хавфсизлиги федерал вазирлигининг роли каттадир. Вазирликнинг ҳамкорлик бўлими раҳбари доктор Юрген Кейнхорстнинг айтишича, вазирлик уч йўналишда иш олиб боради:
- Германиянинг Евроиттифоқдаги сувни тозалаш қизиқишлари ва иштирокини таъминлаш. Хусусан, Европасув муаммолари ва экология билан шуғулланувчи махсус комиссия бўлиб, булар барча мамлакатларни шунга йўналтиради. 70 фоиз қарорлар Евроиттифоқда, қолгани мамлакат ичкарисида қабул қилинади;
- Германиянинг ҳамма ерида вазирликнинг мақсадли иштироки, қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, экология ва сув муаммолари лойиҳаларини ишга тушириш;
- атроф муҳитни асраш учун ОАВ, ННТ, депутатлар ва фуқаролик жамияти фаоллари ҳаракатини таъминлашдан иборат.
Ташриф буюрилган ҳар бир объектдаги олинган билим ҳамда янгиликлар келгусида Республикамиздаги анашу йўналишдаги ислоҳатларни хорижий тажрибалар орқали амалга оширишга замин бўлиб хизмат қилади. Ер остидан чиқадиган сувни истемолчиларга тоза ичимлик суви сифатида етказиб бериш ҳамда чиқинди сувларини қайта тозалаш технологиялари Республикамизда фойдаланилиши керак бўлган хизматлардан биридир. Илмий тадқиқот марказлари ва ишлаб чиқаришни таълим билан интеграцияси сув ресурсларини самарали ва оқилона фойдаланиш ҳамда бошқаришда муҳим хамжиҳатлик бўлиб хизмат қилади.
“UzWaterAware” лойиҳаси орқали амалга оширилган ўқув сафари сув хўжалиги соҳасини тўғри ташкил қилиш, бошқариш ва сувдан унумли ҳамда оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Халқаро ҳамкорлик бўлими услубчиси Хамралиев Акбар ахбороти
Фотомуҳбир Асқар Якубов
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов