“Менинг жамиятдаги ўрним” мавзуида давра суҳбати
Бизга маълумки, бугун кунда мамлакатимизда имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга алоҳида эътибор ва катта аҳамият қаратилмоқда. Айниқса, имконияти чекланган ёшларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилаяпти. Бу каби саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлаш учун 2020 йил 27 февраль куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Маънавият ва маърифат хонасида Имконияти чекланган ёшлар ва болалар Маркази ходимлари иштирокида институтда таҳсил олаётган имконияти чекланган талаба-ёшлар ўртасида “Менинг жамиятдаги ўрним” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида Имконияти чекланган ёшлар ва болалар Маркази бўлими бошлиғи Юлдузхон Абдумаликова, Марказнинг вилоят кординаторлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Дилафруз Қўчқорова, Марказнинг волонтёрлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Бегзод Нигматов, институтнинг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими услубчилари Д.Вафоева ва Д.Хурсандова, Гидротехника қурилиши факультетининг ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари А.Азимов, Қишлоқ ва сув хўжалиги энергия таъминоти факультетининг ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари А.Ботиров ҳамда 25 нафар имконияти чекланган талабалар иштирок этишди. Даставвал сўзга Марказ бўлими бошлиғи Юлдузхон Абдумаликова Имконияти чекланган ёшлар ва болалар Марказининг умумий фаолияти ҳақида кенгроқ маълумотлар бериб таништирди.
Сўнгра Марказнинг вилоят кординаторлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Дилафруз Қўчқорова ҳамда Марказнинг волонтёрлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Бегзод Нигматовлар томонидан талабаларга юртимизда ногиронлиги бор шахсларнинг ҳаётдаги ўрни, жамиятга ижтимоий мослашувчанлиги, уларнинг ҳуқуқлари, бу борадаги қарорлар, янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, ногиронлиги бор шахслар учун тадбиркорликка оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида тушунтиришлар беришди. Шунингдек, юртимизда ногиронлиги бор шахсларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга ижтимоий кўмак бериш мақсадида амалга оширилаётган хайрия ишлари, турли хил мурувват тадбирлари тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтишди. Қатнашчилар билан мазмунли суҳбат бўлиб, талаба-ёшлар марказ ходимларидан ўзларини қизиқтирган саволларга етарлича жавоб олишди.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими услубчилари Д.Вафоева ва Д.Хурсандова