Манфаатли масофавий мулоқот

Виртуал мулоқотлар, Zoom дастури орқали амалга оширилаётган маърузалар барча тизимларда ўзининг ижобий самарасини бераётгани рост. 28 май куни ТИҚХММИ хотин қизлар кенгаши раисаси Зулфия Ҳафизованинг ташаббуси билан Тошкент шаҳар Репродуктив саломатлик марказининг малакали шифокорларидан олий тоифали шифокорлар   Абдуллаева Гулшода Шаназаровна ҳамда Воитова  Гавхар Алишеровналар билан ташкил этилган масофавий мулоқот анча фойдали, манфаатли бўлди дейиш мумкин.  Гулшода Абдуллаева "COVUD-19. Гиёҳвандлик ва унинг олдини олиш мавзусида маъруза қилган бўлсалар, Гавҳар Воитова 31-май Бутун жаҳон чекишга қарши курашиш куни  муносабати билан қизиқарли маълумотлар бериб ўтди.

Масофавий мулоқот мобайнида институтимизнинг фидойи педагоглари Зуҳра Исмоилова, Раъно Қодирова, Сайфиддин Шарипов каби устозлар саволлари билан мулоқотга жон ва мазмун бахш этишди. Маърузачилар томонидан келтирилган маълумотларни мухтасар шаклда келтириб ўтишни мақсадга мувофиқ деб билдик. Мана маъруза юзасидан берилган маълумотлар. Фанга ўнлаб миллион вируслар маълум ва янги, илгари номаълум турлар доимий равишда кашф қилинмоқда. Шу билан бирга, уларнинг аксарияти одамлар учун мутлақо безарардир — атиги бир неча юз вирус турлари хавф туғдиради ва ҳатто иммунитетимиз эволюция босқичларида уларнинг аксариятига қарши муваффақиятли курашишни ўрганган.Бироқ вируслар ҳам ривожланиб боради ва баъзан мутация натижасида илгари фақат ҳайвонларда учраган инфекция инсон танасига кириб бориши мумкин. Бундай «янги» вируслар айниқса хавфлидир, чунки одам иммунитети улар билан ҳеч қачон учрашмаган ва ҳимоя механизмини яратмаган. Натижада, вирус эпидемияга айланиб, одамлар орасида фаол тарқала бошлайди. Айнан шу ҳолат ОИВ, SARS, MERS ва бугунги янги коронавирус билан содир бўлди.

Вирус ўзидан аввалги SARS ва MERS’дан қандай фарқ қилади? Лондон гигиена ва тропик тиббиёт мактаби директори Питер Пиотнинг сўзларига кўра, SARS-CoV-2 тўртта муҳим фарқли хусусиятга эга. Биринчидан, инфекцияланишдан кейинги бир неча кун мобайнида одам ҳеч қандай аломатларга дуч келмайди, аммо аллақачон бошқаларга юқтириши мумкин. Бу жуда ёқимсиз хусусият бўлиб, вирусни изоляциялашни сезиларли даражада мураккаблаштиради. Масалан, SARS ҳолатида ҳамма нарса мутлақо акси бўлган: аломатлар дарҳол пайдо бўлган, аммо беморнинг атрофдагиларга хавф солиши бир неча кундан кейин бошланган. Иккинчидан, беморларнинг 80 фоизигача бўлган қисми оддий шамоллаш ёки грипп каби енгил ҳолсизликни сезади, деярли ҳар бешинчи (18 фоиз) инсон эса ўзида ҳеч қандай аломатларни сезмайди, аммо ўзи билмаган ҳолда ҳам у инфекция манбайи бўлиб қолмоқда. Учинчидан, COVID-19 аломатлари одатий гриппга жуда ўхшаш бўлгани сабабли кўплаб беморлар ўзларининг янги вирус ташувчиси эканликларидан шубҳаланишмайди, лекин атрофдагиларга юқтиришда давом этишади. Тўртинчидан, касалликнинг дастлабки босқичларида вирус айнан томоқда кўпаяди, шунинг учун вирус юқтириб олган одам ҳар қандай аксириш ва йўтал билан атрофга миллиардлаб вирус зарраларини сочади. Бемор биринчи навбатда йўталишни бошлайди — бошқа барча аломатлар кейинроқ пайдо бўлади (ёки пайдо бўлмайди). Вакцина тайёр бўлишини қачонга кутиш керак? Қисқа жавоб берганда — кутманг. Имкон қадар тезроқ ишлаб чиқилган тақдирда ҳам, сиз учун асқотиши даргумон.

Ваҳоланки вакцинанинг биринчи клиник синовлари аллақачон бошланган бўлса-да (бир вақтнинг ўзида турли мамлакатларда бир неча талқинлар синовдан ўтказилмоқда), ҳатто энг яхши натижада ҳам, ишчи вакцинани оммавий ишлаб чиқариш бошланиши 2021 йил охирига қадар чўзилади, бу вақт ичида инсонларнинг вирус хавф солаётган гуруҳларининг аксарияти аллақачон касалланишга улгуради. Энди чекиш иллатининг зиёни борасида Гавҳархоннинг маълумотларини келтирамиз.Тамаки туфайли АҚШ иқтисодиёти 193 миллиард доллар, Ҳиндистон эса 40 миллиард доллар зарар кўради.Таъкидланишича, тамаки чекиш оқибатида бир йилда асосан ривожланаётган мамлакатларда олти миллион киши ҳаётдан кўз юмади. Таҳлилчиларнинг фикрича, ер юзидаги 15 ёш ва ундан катта бўлган аҳолининг 1 миллиард 113 миллион 300 минг нафари сигарет чекади. Шундан 938 ярим миллионини эркаклар, 174 миллион 700 мингини аёллар ташкил қилади. Чекувчиларнинг 226 миллиони қашшоқликда кун кечиради. Жаҳон кашандаларининг учдан бир қисми 13 та мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Булар АҚШ, Бангладеш, Бразилия, Хитой, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Япония, Покистон, Филиппин, Россия, Туркия ва Вьетнамдир.

  1. Биринчи ўринда 303 ярим миллион чекувчиси бўлган Хитой туради.
  2. Иккинчи ўрин эса 105 миллион 200 минг кашандага эга Ҳиндистонга насиб қилди.
  3. Учинчи ўринда турувчи Индонезияда 67,8 миллион чекувчи бор.
  4. Тўртинчи ўринни эгаллаган АҚШда 46,7 миллион кишининг оғзидан сигарет тушмайди.

Чекувчилар сони бўйича Россия жаҳонда бешинчи ўринда туради. Бу мамлакатда 45 миллиондан ортиқ чекувчи бор. Хулоса ўрнида айтиш жоизки, коронавирус пандемияси каби чекиш ҳам иллат. Улардан огоҳ бўлиш, эҳтиёт чорасини кўриш барчамизга, саломатлигимизга боғлиқ.