Илм - машаққат, масъулият ва мажбурият

Мамлакатнинг тараққиёти, юрт истиқболи илм-фаннинг ривожи билан белгиланади. Бугунги кунда бу исбот талаб қилмайдиган аксиомага айланди. Илм-фаннинг равнақи учун жон куйдириш ва ислоҳотлар олиб бориш мамлакатнинг келажаги учун фидойилик демакдир. Илм илм учун эмас, балки мамлакат манфаати ва унинг ривожига хизмат қилса нур устига аъло нур. Акс ҳолда, унинг қиймати қолмайди. Демак, илмнинг сифати олимнинг сийрати билан белгиланади. Фанга виждонан ёндашиб кенг қамровли билимга эга бўлмаган, қайси тилда бўлмасин, ёзма ва оғзаки нутқ маданияти қоидаларини тўла эгалламаган олимдан фан бўйича янгилик кутиш мумкинми?  Асло, йўқ. Илмий мақола ёзиш кўникмасини эгаллаш ва малака ҳосил қилиш учун албатта, илмнинг сифати, машаққати, масъулияти ва мажбурияти борасида илмий суҳбатлар уюштириш катта аҳамият касб этади.  Худди шу мақсадда жорий йилнинг 29 август куни соат 14.00да ўтказилган “Илмий мaқoлa ёзиш вa нуфузли журнaллaрдa чoп этиш бўйичa мaслaҳaтлaр: "Scopus  ва Web of Scienses” мавзусидаги онлайн вебинар муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси, Ўзбeкистoн ёшлaр ишлaри aгeнтлиги, Ўзбeкистoн ёшлaри умумжaҳoн aссoциaцияси, Тoшкeнт ирригaция вa қишлoқ xўжaлигини мexaнизaциялaш муҳaндислaри институти, Гeрмaниянинг Лeйбниц Қишлoқ xўжaлиги лaндшaфтлaрини ўргaниш тaдқиқoт мaркaзи (ЗAЛФ) Гeрмaния, SМAРТ ИннoТeх кoнсaлтинг кoмпaнияси ҳамкорлигида ташкил этилган вебинар семинарда  Германияда фаолият юритаётган ватандошлар, турли олий таълим муассасалари профессор ўқитувчилари, докторантлар ва магистрантлар иштирок этишди.

Тадбирни модератор сифатида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон  ассоциациясининг Германиядаги вакили Камолиддин Бердиев бошқариб борди. Онлайн тарздаги семинарни Республика Олий таълим Кенгаши раиси, ТИҚХММИ ректори, профессор Ўктам Умурзаков кириш нутқи билан очиб,  Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчиси Набижон Қосимов жанобларига яқинлашиб келган 1 сентябр - давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрами билан қутлаб ўз табрикларини йўлладилар ва барча иштирокчиларни ҳам улуғ ва қутлуғ байрамимиз билан чин дилдан муборакбод этдилар.  Улар ўз нутқида, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси олий таълим тизимини ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш асосида таълим сифатини яхшилаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрда ПФ-5847-сонли фармони қабул қилинганини ҳам эслатиб ўтдилар. Шунингдек, илмий тадқиқотларда “Университет 3.0” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш, юқори импакт-факторга эга нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этиши, мақолаларга иқтибослик кўрсаткичлари ошириш, республика илмий журналларини халқаро илмий-техник маълумотлар базасига босқичма-босқич киритилишини таъминлаш каби вазифалар қўйилганини ҳам эслатдилар. Кейин эса консул Сарвар Алимович Камилов бундай йўсиндаги тадбирларнинг роли ва аҳамияти борасида эътиборга молик фикрларни билдириб ўтдилар.

 

Сўнгра Германия Федерал ҳукуматиниг Амалий ва гуманитар фанлар бўйича экспертлар кенгаши аъзоси, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Дилфуза Эгамбердиева сўз олдилар. Улар илм-фаннинг ривожига тўсиқ бўлувчи омиллар ҳақида қизиқарли тарзда, далиллар асосида, муфассал йўсинда ўз мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, бугунги кунда нима учун ўзбек олимларининг илмий мақолалари аксарият ҳолларда "қароқчи" журналларда чоп этилаётгани, илмий мақола ёзиш тартиби ва шартлари, плагиаторликнинг хунук оқибатлари, илмий тадқиқотлар жараёнида нотўғри ҳаракатлар ва уларнинг асосий сабаблари ва олдини олишдаги муҳим тадбирлар хусусида қатор фойдали маълумотлар бериб ўтдилар. Илова тарзида шуни қайд этиш жоизки, халқаро миқёсда тан олинган илмий журналларда Республика олий таълим муассасалари олимлари томонидан сўнги икки йилда чоп этилган илмий ишлари сони кескин ошди. Агар 2018 йилда нуфузли илмий журналларда атиги 276 мақола нашр этилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 3,3 бараварга ошган, яъни 965 та мақола, 2020 йилда эса фақатгина 6 ой ичида 1760 тадан ортиқ мақола чоп этилди ва 2018 йилда чоп этилган мақолалар сонига нисбатан 7 марта ошган. Бу натижага энг катта ҳисса қўшган олий таълим муассасалари ичида Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Самарқанд давлат университети ва Тошкент тиббиёт академиясини алоҳида таъкидлаш жоиз.  Ўзбекистон олимлари, тадқиқотчилари, талабалар Вазирлик ва Elsevier компания орасидаги келишув асосида дунёда тан олинган SCOPUS ва ScienceDirect халқаро энг замонавий илмий техника маълумотлар ва таҳлилий тизимларни имкониятлари билан бепул фойдаланиш хуқуқига эга бўлдилар.  Бир йил ичида Elsevier компанияси Digital Commons (Bepress) базасида double-blind peer review конфигурациясини қўллаб, 41 илмий журнални бирлаштириб, «Uzbekistan Research Online» ноёб рақамли платформа яратилди.

2020 йилда   платформадаги журналлардан 62 300  илмий мақолаларнинг  матнли файллари 106 та мамлакатнинг ташкилотлари томонидан  тўлиқ юклаб олинди. Платформа базасидаги илмий мақолаларнинг  умумий сони 4733 тага етди. Илк бор QS (Quacquarelli Symonds World University Rankings) халқаро рейтингида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 300+1 ўринни, THE (Times Нigher Education) халқаро Импакт-рейтинги рўйхатида Ўзбекистон Миллий университети 601 ва шу рейтингни соҳа йўналиши бўйича Тошкент тиббиёт академияси 301—400, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 201-ўринни эгаллади. Фалсафада миқдор ўзгаришларининг сифат ўзгаришларига ўтиши қонунияти бор, шунга монанд ҳолда эндиликда мақолаларнинг мазмуни ва сифатига эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқлиги вебинар семинарда алоҳида таъкидланди. Тадбир якунида Республика олий таълим кенгаши раиси Ўктам Умурзаков илмий фаолият билан фаол шуғулланаман деб бугунги вебинарда иштирок этаётганлар учун ўзларининг қимматли маслаҳатларини берган ватандошларимиз Дилфузa Эгaмбeрдиeвa ҳамда модератор Камолиддин Бердиевларга ўз миннатдорчиликларини билдирди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати