“SUSADICA” – Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш лойиҳаси докторантлари билан ҳамкорлик

Талаба-ёшларнинг илмий салоҳиятини ошириш, шахсий ривожланишлари учун қўшимча имкониятлар яратиш ҳамда илмий тадқиқотларда бевосита иштирок этиш орқали илмий меътод ва усуллар бўйича амалий кўникмаларга эга бўлишлари учун SUSADICA лойиҳаси жамоаси ТИҚХММИ талабалари билан лойиҳанинг Германияда таҳсил олаётган докторантлари ўртасида Tandem ҳамкорликни йўлга қўйди. Дастлаб, ушбу ҳамкорлик доирасида докторантлар билан илмий йўналишда ҳамкорлик олиб бориш истагида бўлган талаба ва магистрантларни аниқлаш мақсадида ТИҚХММИнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқларида эълонлар берилди. Аризалар SUSADICA лойиҳаси докторантларининг қуйидаги илмий мавзулари бўйича берилган топшириқлари асосида қабул қилинди:

  • Ўзбекистонда фермерларининг рағбатлантирилиши ва инвестицион ҳаракати;
  • Ўзбекистонда экинлар хилма-хиллигини ривожлантириш;
  • 1991 йилдан ҳозирги кунгача Ўзбекистоннинг ер ости сувларидан фойдаланиш сиёсатига шарҳ;
  • Кластерларнинг жорий этилиши ва шаклланишига туртки берадиган омиллар;
  • Қишлоқ хўжалиги технологияларининг иқтисодий таҳлили;
  • Қирғизистонда об-ҳаво ўзгаришига чорвачилик ва уй хўжаликларининг муносабати;
  • Иқлим ўзгаришининг Қашқадарё дарё ҳавзасининг мавсумий оқимига таъсири;
  • Ўзбекистон ирригация соҳасидаги сиёсатнинг ривожланиши;
  • Қишлоқ хўжалигидаги субсидияларнинг Қирғизистон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги савдоси ва ўсишига таъсири.

Мазкур эълон бўйича институтнинг 20 га яқин талаба ва магистрантларидан аризалар қабул қилинди. Талабаларнинг илмий йўналишлари, улар томонидан танланган мавзулар, тил билиш даражалари ҳамда бошқа талаблар асосида 11 нафар талаба кейинги босқичга, яъни, SUSADICA лойиҳаси докторантлари билан онлине суҳбатлар ўтказиш босқичига ўтказилди. Шундан сўнг, талабаларнинг бўш вақтлари ва имкониятларини инобатга олган ҳолда, улар билан докторантлар ўртасида MS teams ва ZOOM платформалари орқали онлайн интервьюлар ташкил этилди. Интервьюда талабаларнинг қизиқишлари, режалари ва мақсадлари тўғрисида фикрлар алмашилди. Ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ўтказиш, мақсадлар, вазифалар, ҳамкорлик шартлари ва талабалар учун яратиладиган имкониятлар ҳамда имтиёзлар муҳокама қилинди.

Ҳамкорликда иш олиб бориш талаблари, талаба ва докторантлар ўртасида ташкил этилган онлине интервюлар натижалари, шунингдек, ТИҚХММИ талабаларининг розилига кўра бугунги кунда SUSADICA лойиҳасининг 6 нафар докторанти ва ТИҚХММИнинг 6 нафар талабаси ҳамкорликда иш олиб бормоқда. SUSADICA докторантлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш орқали ТИҚХММИ талабалари турли хил илмий усуллардан фойдаланиш, тадқиқотлар ўтказиш ҳамда ҳисобот ёзиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлишади.  Ҳамкорлик доирасида берилган топшириқларни амалга ошириш бўйича саёхат, турар жой ва кунлик харажатлар бўйича умумий харажатлар ҳар бир SUSADICA докторантининг тадқиқот бюджетидан қопланади. ТИҚХММИ талабаларининг ҳисоботлари ва хулосалари докторантлар илмий ишларида фойдаланилиши мумкин.  Шунингдек, муваффаққиятли ҳамкорлик магистрантларнинг диссертацияларини якунлашга ҳамда талабалар учун умумий мавзулар бўйича биргаликда халқаро илмий журналларда илмий мақолалар чоп этиш имкониятини яратади.

ТИҚХММИ матбуот хизмати