Истиқбол мевалари
Ҳар бир давлатнинг иқболи ва истиқболи ўсиб келаётган авлод ва унга бўлган эътибор билан боғлиқ. Ёшларга эътибор масаласи давлатимизнинг устувор сиёсатидан бирига айлангани рост. Муҳтарам Президентимизнинг ўтган йили 30 июнни “Ёшлар куни” деб эълон қилганлиги ҳам келажакнинг бунёдкори ва эртанги куннинг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшларга умид ва ишонч билан қарашнинг кафолатидир.
Шу йўналишда амалга ошириладиган ишлар концепцияси асосида 30 июнь – “Ёшлар куни”га бағишланган тадбирларни ўтказиш бўйича Республикамиз бўйлаб йирик олим ва нуфузли инсонлардан таркиб топган гуруҳлар фаолият юритишди.
Институтимиз ректори Ў.Умурзаков раҳбарлигидаги гуруҳнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи Кегейли, Чимбой ва Қораўзак туманларидаги ёш авлод қалбида келажакка ишонч туйғусини уйғотибгина қолмай, балки эл-юрт манфаати учун фидойилик ва шижоатга, кенгқамровли билимга эга бўлишга ҳам даъват этди, десак муболаға бўлмайди.
27 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси К.Солиев, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Иноятов, институтимиз ректори Ў.Умурзаков ва бошқа тегишли соҳа вакиллари иштирокида 30 июнь - Ёшлар кунини Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этиладиган гала концертларнинг режа жадвали асосида ўтказиш бўйича бажариладиган ишларга оид йиғилиш бўлиб ўтди.
Худди ўша куни Институтимиз ректори Ў.Умурзаков Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани ҳокими М.Абдиров билан 30 июнь - Ёшлар кунини Кегейли туманида ўтказиладиган тадбирларни юқори савияда ташкил этиш бўйича ўзаро фикрлашдилар. 30 июнь куни бўлиб ўтадиган гала концерт майдони кўздан кечирилди ва тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, улар Чимбой тумани ҳокими П.Есжанов билан режа бўйича ўзаро фикр алмашинишди. Туман ҳудудидаги чекка қишлоқларда “Ёшлар театр студиялари”нинг спектакллари намойишида иштирок этишди.
Сўнгра Қораўзак тумани ҳокими Д. Утемуратов билан мунозаралар олиб борилиши асосида туманда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оила фарзандларига совғалар тарқатилди.
Ёшларни соғлом турмуш тарзига тортиш, уларни спортга бўлган қизиқишини уйғотиш мақсадида спортнинг волейбол, кураш, футбол тури бўйича спорт мусобақалари ташкил этилди. Шунингдек, ёшларни ижодга бўлган қизиқишини уйғотиш, санъат, маданият, миллийлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Дуторчи қизлар” ва маданият ходимлари билан учрашувлар ташкиллаштирилди.
Тадбирларда 3000га яқин ёшлар иштирок этиб ўз салоҳиятларини намойиш этишди. Истиқболимиз меваси бўлган ёшларнинг иқболи порлоқ бўлиши уларнинг ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси ва фуқаролик бурчини чуқур ҳис этишларига боғлиқ. Улуғ юртнинг қутлуғ ниятли авлоди ҳам аждодлар анъаналарига садоқатли бўлиши билан белгиланади.