Мустақиллик меъморига эҳтиром

29 январь куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиалида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининиг 83 йиллигига бағишланган “Мустақиллик меъморига эҳтиром” мавзусида тадбир ўтказилди. Мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, истиқлол меъмори Ислом Абдуғаниевич Каримов замонамизнинг улуғ сиёсатчиси, Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигига улкан ҳисса қўшган шахс сифатида халқимиз қалбида, юртимиз тарихида мангу сақланиб қолади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, вақт ва ҳаётнинг ўзи Ислом Каримовнинг узоқни кўрадиган ва стратегик фикр юритадиган шахс, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини давлатчилик нуқтаи назаридан кўра билиш қобилиятига эга бўлган, ўз юрти ва халқи учун, ҳар бир ватандошимизнинг тақдири учун улкан масъулият туйғусини чуқур ҳис қиладиган атоқли раҳбар эканини ҳар томонлама тасдиқлади.

Тадбирга вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси, фахрийлар билан ишлаш бўйича маслаҳатчи, “Эл-юрт ҳурмати”, “Меҳнат шуҳрати” ордени ҳамда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони соҳиби Январ Иноятов, вилоят Касаба уюшмалари федерацияси раисининг маслаҳатчиси, “Эл-юрт ҳурмати”, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Эсон Ражабовлар ташриф буюришди. Тадбирни филиал директори З.Муқимов очиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, Ўзбекистон давлатининг асосчиси Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигига қўшган улкан ҳиссаси, у кишининг сермазмун ҳаёти ва фаолиятининг ёш авлод тарбиясида тутган ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, ушбу санани улуғ халқимиз байрами сифатида нишонлаш, шубҳасиз, Ислом Каримовнинг руҳини шод этади,- деди. Тадбирда сўзга чиққанлар мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг фаолияти, бой сиёсий меъроси, давлатимиз ривожланиши йўлида амалга оширган улкан ишлари ҳамда меҳнатларини эъзозлаган ҳолда, биз ёшлар ҳам Биринчи Президентимиздан ўрнак олиб сидқидилдан Ватан учун меҳнат қилишимиз кераклигини таъкидладилар. Маърузачиларга талабалар ва профессор-ўқитувчилар томонидан саволлар берилди ҳамда меҳмонлар етарлича жавоблар беришди.

Гуманитар фанлар кафедраси мудири, т.ф.н., доцент Ч.Темирова