Таянч докторантлар ҳудудларда

Барчамизга маълум бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида илм-фанга ва таълим-тарбияга бўлган эътибор кундан-кунга янги босқичга чиқиб, ривожланиб бормоқда. 2020 йил 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миромонович томонидан Илм-фан ва инновацияни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтган сўзларига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Юртбошимиз илм-фан соҳаси вакллари олдига "Олийгоҳ, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар ўртасидаги мулоқот қандай?" дея савол қўйди ҳамда камчиликларни кўрсатиб, 2021 йилда қилинадиган аниқ вазифаларни, чора-тадбирларни белгилаб берди.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ҳам институт раҳбарияти томонидан бугунги кунда илмий тадқиқотларни ривожлантириш, лойиҳалар, грантлар, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш, қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқларига илмий янгиликларни жорий қилиш борасида илмий тадқиқотчиларга барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда ва қўллаб-қувватламоқда. Юртбошимиз шарт-шароилар яратиб бермоқда, институт раҳбарияти қўллаб-қувватламоқда  "Бундан илмий тадқиқотчилар, ёш олимлар тўғри ва самарали фойдаланяптими?" деган саволни ёши катта ва яхши натижаларга қийинчилик билан эришган устозларимиз бериши аниқдир. Биз ёш тадқиқотчилар фақат ўйлаш ва хулоса билан чекланиб қолмай, янада кўпроқ ишлаб, ҳаракат қилиш ва муаммоларга янгича ёндошиб, илмий ишлар сифати ва самарадорлигини оширишимиз энг асосий вазифамиз эканлигини бир сония ҳам унутмаслигимиз лозим. 2021 йил 23 апрелдан 30 апрелгача 08.00.04 "Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти" ихтисослиги таянч докторантлари У.Алимов, М.Яхяев, А.Бердимуродов иқтисодиёт кафедраси мудири Б.Султонов ва кафедра профессори С.Умаров бошчилигида Жахон банки томонидан молиялаштирилган Академик инновациялар фонди томонидан “Аграр инновациялар ва ресурслар фанлараро лабораторияси” лойиҳаси доирасида монографик тадқиқотларини ўтказиш мақсадида Қашқадарё вилоятига ташриф буюришди. Шунингдек, Бозор ислоҳотлари илмий тадқиқот институти ҳодимлари ўтказаётган сўровномаларда ҳам биргаликда иштирок этишди. Дастлаб, ҳаракат режаси тузиб олинди ва Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани олис тоғ олди ҳудуди ҳисобланган Калтақўл қишлоғига ташриф буюрилди.

Қишлоқда жойлашган мактабда қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлашиб, сўровнома ўтказилди. Қишлоқнинг ўзига хос хусусиятлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятлари, қишлоқнинг чорвачилик, боғдорчилик, туризм, деҳқончилик, балиқчилик ва бошқа соҳалардаги шарт-шароитлари ўрганиб чиқилди. Қишлоқдаги мактаб ўқувчилари билан учрашувлар ва суҳбатлар ўтказилиб, олий таълимдаги имкониятлар ва институт ҳақида ўқувчиларга маълумотлар берилди. Шундан сўнг, Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани, Косон туманига ташриф буюрилиб, яйлов чорвачилигини ривожлантириш, озиқ овқат хавфсизлигини таъминлашда полизчилик тармоғини самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда инновацияларни кенг жорий этилиши бўйича деҳқон хўжаликлари, фермер хўжаликлари, чорвачилик тармоқлари, уй хўжаликлари ва аҳоли ўртасида сўровнома ўтказилди. Фермерлар, деҳқонлар ва аҳоли билан суҳбатда реал ҳолатда қилинадиган илмий тадқиқот ишлари, янгиликлар, услубий ишлар, ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилиши билан боғлиқ муаммолар ҳамда илмий тадқиқот методикаларини шу муаммолар асосида қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ҳам хулоса олинди. Далага чиқиб, жойига бориб кўриш, суҳбатлашиш ва амалиётни ҳис этишда эришилган натида ва хулоса нима бўлди? Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва деҳкончилик билан шуғулланишда қийин шароитда ишлаётган деҳқонлар, ишчилар илмий асосланмаган бўлсада, анча олдинга ўтиб кетганини кўрдик ёки бироз ортда қолганини сездик. Бундай сўровнома ўтказиш ёки тадқиқот олиб бориш учун учун икки-уч кун ёки беш-олти кун етмаслигини англаб етдик, шунингдек, муаммолар жуда ҳам кўп, муаммони ҳал этиш учун бир икки киши бўлиб эмас, жамоа бўлиб ишланса оз бўлсада натижага эришамиз.

Яна бир асосий масала соҳадаги қонун ҳужжатлари, янгиликларни билиши, ўз ҳуқуқларини англаб етиши борасида ҳам сезиларли камчиликлар борлиги кўзга ташланди. Икки нафар профессор уч нафар илмий тадқиқотчига бош бўлиб боргани муаммоларга илмий ёндошиш учун яхши бўлди. Шу билан бир қаторда деҳконлар, чорвадорлар, фермерлар ва ишчиларга тавсиялар берилди, маслаҳатлар берилди. Улар билан кейинчалик ҳам алоқада бўлиб, биргаликда иш олиб боришга келишиб олинди. Бу ишларни Республикамизнинг бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш бўйича режаларни тузиб чиқишга қарор қилдик. Ҳамма натижа ва реал ҳолатдаги ишлар ҳудудларни ўрганиш эканлигини англаб етдик. Бу ёш тадқиқотчилар учун катта дарс бўлди десак, адашмаган бўламиз. Таклиф сифатида институтимиздаги барча илмий тадқиқотчиларни ҳудудлар кесимида ўз мавзуси доирасида ҳудудларга ташрифини уюштирилса, институтимизнинг илмий салоҳияти ошишига ҳамда ўқув жараёни сифати янада ошишига ҳисса қўшган бўламиз. Институт ректори ва Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректоримиз далага ва ишлаб чиқаришга бориб ўрганинглар деб айтиши бежиз эмаслигини ҳам англадик. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Миромонович айтганларидек, "Бир нарсани билишимиз керак: илмсиз, инновациясиз олдимизга қўйган мақсадларга ҳеч қачон эриша олмаймиз". Бу сўзларни таҳлил қилиб ўйлаб кўришимиз лозим деб биламиз. Ташрифни амалга оширишда амалий ёрдам берган институт раҳбарияти ва Жахон банки томонидан молиялаштирилган Академик инновациялар фонди томонидан “Аграр инновациялар ва ресурслар фанлараро лабораторияси” лойиҳаси кординатори У.Сангировага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.