“Китоб ўрнига китоб”

2019 йил 29 ноябрь куни “Қишлоқ ва сув хўжалиги энергия таъминоти” факультети “Ёшлар иттифоқи” бошланғич ташкилотининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлис кун тартибининг турли хилдаги масалаларида факультет декани т.ф.д. А.Ж.Исақов ташаббуси билан яратилган “Китоб ўрнига китоб” лойиҳаси муҳокама қилинди. Мажлис иштирокчилари томонидан лойиҳани амалиётга жорий этиш бир овоздан маъқулланди. Лойиҳага  асос солишда ва ташкил этишда факультетнинг ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича декан ўринбосари А.Ботиров ва “Ёшлар иттифоқи” бошланғич ташкилоти етакчиси Ф.Махмудовлар жонбозлик кўрсатишди. Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни (тўртинчи ташаббус: ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш) кенг тарғиб этиш, ёшларни мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган соғлом ва баркамол авлод қилиб тарбиялаш  ҳамда уларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик жиҳатлари, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишдир.  

Ушбу лойиҳага факультетнинг талаба ёшлари, профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчи ва ходимлари ҳамда ҳоҳлаган инсон иштирокчи бўлиб кириши мумкин. Лойиҳа иштирокчилари қуйидаги имкониятларга эга бўладилар: лойиҳа фондига ўзининг эзгу ниятлари ёзилган ва имзоланган 1 та китобини киритади ва ўрнига истаган бошқа китобни ўқиш учун олиш имкониятига эга бўлади. Шу билан биргаликда ўқиш учун олган китобини ўқиб бўлгач лойиҳа фондидаги бошқа китобга алмаштириши мумкин. Талабалар лойиҳа фондига 1 та китоб киритиш эвазига талабалик олтин даври мобайнида истаганча китоб ўқиш имкониятига эга бўлади. Битирувчилар ўзининг қўлидаги китобни институт билан хайрлашиш олдидан “Ахборот ресурс маркази”га топшириб кетади. Факультет “Ёшлар итиффоқи” бошланғич ташкилоти аъзолари ушбу лойиҳани амалда қўллаш бўйича қарор қабул қилар экан кўтаринки руҳда лойиҳа иштирокчисига айланиш истагини билдирдилар.

 

     Институт матбуот хизмати раҳбари Р.Жуманиёзов