“Менинг оилам – менинг фахрим”

31 март куни 3-ТТЖда “Ер ресурсларини бошқариш” факультети қизлари билан институт психологи М.К. Мухамедова оилавий муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган “Оила мустаҳкам бўлишида аёлларнинг роли” мавзуида тадбир ўтказди. Тадбирда ЕРБ факультет ёшлар билан ишлаш декан ўринбосари Ҳ. Эшова, ТТЖ тарбиячи педагоги А. Хайитова, ЕРБ факультети хотин қизлар кенгаши аъзоси О. Рўзиқулова ва ЕРБ факультети 1-3курс қизлари қатнашишди. Тадбирда оила жамиятнинг асоси эканлиги, оилалар йиғиндиси жамиятни ташкил этиши, оила мустаҳкам бўлса, демакки жамият, мамлакат ҳам мустаҳкам ва барқарор бўлиши ва бунда аёлларнинг роли жуда ҳам аҳамиятли эканлиги ҳақида сўз юритилди.  Барча иштирокчилар ўз оиласидаги аёлларнинг тутган ўрни ва аёл киши оила мустаҳкам бўлиши учун қандай хусусиятларга эга бўлиши лозимлиги ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтишди. Тадбир ўйин ва тренинглар билан қизиқарли тарзда олиб борилди. Иштирокчилар тўрт гуруҳга бўлиниб “Оила” сўзига ижобий сифатлар келтириб ўтишди.  “Биз бирдам оиламиз” ўйин машғулотида иштирокчиларга беш бармоқларини чизиб, ҳар бир бармоққа ўз оилаларига тегишли бўлган бирдамликни таъминловчи анъаналари ҳақида ёзиш кўрсатмаси берилди.

Барча иштирокчилар бу машғулотда фаол қатнашиб ўз оилаларининг анъана ва қадриятларини санаб ўтишди ва машғулот охирида муҳокама қилинди. Тадбир охирида “Вақт ва унинг қадри” ҳақида сўз юритилди ва оила мустаҳкамлигида вақтнинг қанчалик аҳамиятлилиги ҳақида иштирокчиларга тушунча берилди. Ва “Менинг бешта яқинларим” ўйин машғулоти ўтказилди ва муҳокама қилинди. “Бир бўлак олтинга бир бўлак вақтни сотиб ололмайсан” Хитой мақоли ва “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” Ўзбек халқ мақоллари орқали иштирокчиларга барча яқинларимиз соғ ва саломатликлари, ёнимизда эканликларида уларни қадрлаб, иззат-ҳурматларини жойига қўйиш лозимлиги ва уларга лойиқ фарзанд бўлиш бизнинг бурчимиз экани ҳақида сўз юритилда ва ким вақтни қай даражада идрок эта олишини аниқлаш мақсадида “Менинг секундомерим” ўйин машғулоти ўтказилди. Иштирокчиларга ҳар ким ичида санамасдан бир минут вақтни тахминий ўлчаш ва ким бир минут дақиқа ўтди деб ҳисобласа қўлини кўтариши кераклиги кўрсатмаси берилди.

Ўйинда барча иштирокчилар бир минут ўтмасдан қўлларини кўтаришди. Бу билан уларда шошқалоқлик хусусияти мавжудлиги аниқланди. Иштирокчиларга аёл киши идрокли бўлиши шарт эканлиги айрим вақтда шошиб ҳукм чиқаришнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунча берилди. Айрим вақтларда эса, айниқса кимгадир тез ёрдам бериш керак бўлиб қолса шошқалоқликнинг ҳам ижобий томонлари ҳақида сўз юритилди. Тадбирда иштирокчи қизлар аёл киши ҳар бир масалага тадбиркорлик билан ёндошиб, “олтин ўрталик”ни идрок этиб фикр юритса, ҳар бир масалада меъёр ва мезонидан оширмай ҳаракат қилса ҳаётда ўз ўринларига эга бўлишлари мумкинлиги ҳақида маълумотлар олишди. Тадбирда қатнашган барча юқорида номлари зикр этилган педагогларимиз ҳам ўзларининг олтиндан қимматли ҳаётий тажрибалари, оилада аёл кишининг ўрни ва роли ҳақида сўзлаб иштирокчиларга маслаҳатлар беришди. Тадбирда ЕРБ 115-гуруҳ талабаси Қурбонова Шаҳноза, ЕРБ 113-гуруҳ талабаси Бозорбоева Мафтуна, ЕРБ 301-гуруҳ талабалари Абдукаримова Ирода ва Холмўминова Наргизалар фаол қатнашишди. Тадбир қизғин тарзда ўз якунига етди. 

 

 Институт психологи М.К. Мухамедова ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати