Акмал Бердимуродов - бош менежер
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар масалалари бўйича Республика идоралараро кенгаши йиғилишида белгиланган вазифалар ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан берилган топшириқлар асосида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотларига Ёшлар етакчиларини (Бош менежер) таъйинлаш бўйича суҳбатлар Тошкент Шаҳар Ёшлар марказида ўтказилди.
Суҳбат комиссияси хулосаларини ўқиб эшиттириш ҳамда олий таълим муассасаларига Ёшлар етакчиларини таъйинлашнинг биринчи куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани олий таълим муассасаларида ўтказилди. Ана шундай умумий йиғилишлардан бири Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида 2019-йил 03-октябр куни ташкил ўтказилди. Умумий йиғилишга Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Тошкент Шаҳар Кенгаши раиси Раҳимова Дурдона Шукуруллайевна, Тошкент шаҳар кенгаши бўлим мудирлари, Мирзо Улуғбек Туман Кенгаши раиси Нодир Шукуров, Туман кенгаши мутахассиси Сардор Обидов ташриф буюришди. Бошланғич ташкилот умумий йиғилишида институт ёшлар иттифоқи фаоллари, Ёшлар Кенгаши аъзолари, факултет ёшлар етакчилари иштирок этишди.
Умумий йиғилишни институт Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори, устоз Р.К. Чорийев очиб берди ҳамда бугунги кунда ёшларга яратилган имкониятлар, ҳамкорлик масалалари, институтда ёшлар ташкилотининг ўрни қандай бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтиб, институт ёшларини фаол, ташаббускор бўлишга чақирди ва сўзни Тошкент шаҳар Кенгаши раисига берди. Тошкент Шаҳар Кенгаши раиси Д.Раҳимова сўзга чиқиб, институт ёшларига самимий гапларини айтди, талабаларнинг ўқиш ва ишларида омадлар тилади ва йиғилганларга 2019-октябр ойидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи низомида белгиланган муддатга қадар, Тошкент шаҳар Кенгаши қарорига асосида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари Ёшлар Етакчиси(Бош менежери) лавозимига Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш магистратура мутахассислиги 2-босқич магистранти Бердимуродов Акмалжон Азамат ўғли тайинланди ҳамда Ишонч Ёрлиғи топширилди.
Шунингдек, йиғилишда Мирзо Улуғбек тумани Кенгаши раиси Н.Шукуров сўзга чиқиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди. Талабалар ва магистрантлар орасидан фаол ва иқтидорли магистрант Дилмурод Акбаров сўзга чиқиб, ташриф буюрган меҳмонларга институт ёшлари номидан миннатдорчилик билдирди ҳамда бундан кейин ҳам фаоллик давомий бўлишини таъкидлаб ўтди. Албатта, бу катта эътибордан бошланғич ташкилот фаоллари мамнун. Чунки, ёшлар ташкилотининг энг юқори бўғинида турувчи вакиллари қуйи тизимга тушиб, келиб, ташриф буюриб, эътибор билан ёндашиб ёшлар орасида бўлиши бу албатта кейинги режаларнинг амалга ошиши учун асос бўлиб хизмат қилади.
Институт Матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов