Келажак энергияси
Кўпчиликка маълумки, дунёда ер ости қазилма бойликлари йилдан йилга камайиб бормоқда. Шунинг учун дунёдаги етакчи давлатлар энергия истеъмолини бошқа ёқилғилардан, хусусан, қайта тикланувчан энергия турларидан, қуёш, шамол, ерости иссиқлиги ва биомассалардан олиш йўлида илгарилаб кетишди. Шуниси ажабланарлики, Европада қуёш кунлари кам бўлса ҳам, бу соҳада уларга тенг келадигани йўқ. Қайта тикланувчан энергия манбалари оз бўлсада, ундан жудаям самарали фойдаланиш йўлларини топишган ва янгидан янги технологияларни ишлаб чиқишиб, бутун дунёга сотишади. Европанинг ўзининг қазилма бойликлари бўлмагани учун, янги технологияларни ишлаб чиқиб, унинг ҳисобига ўзларини таъминлашади. Шунинг учун, қайта тикланувчан энергия манбалари барча турлари бўйича уларда марказлар, институтлар, агентликлар ва вазирликлар бор. Улар жуда яхши самара бермоқда. Бизнинг ўлкамизда эса, қуёшли кунлар жуда кўп, қарийб 330 кунни ташкил этади. Демак қуёш энергиясидан фойдаланишга биз учун жуда катта қулайликлар мавжуд. Айни вақтда электр энергиясининг муқобил манбаларини жорий этишни жадаллаштириш юртумизнинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланиб келмоқда. Шу сабабли илмий марказлар бир неча йиллардан буён муқобил электр энергиясидан фойдаланиш учун замонавий технологияларни жорий этиш мақсадида юртимиз энергетика соҳасини ўрганишмоқда.
Келажакда юртимизда энергетик, экологик, иқтисодий хавфсизликни таъминлашда ҳамда энергетика соҳасини барқарор ривожлантириш учун қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, шак-шубҳасиз зарурдир. Келгуси авлодлар учун табиий бойликларни сақлаб қолиш ва экологияни муҳофаза қилишнинг зарурий шарти қайта тикланадиган ва муқобил энергия манбаларини ўзлаштириш ҳисобланади. Қайта тикланувчан энергия манбалари, замонавий қурилмалари ҳақида талабаларга янги маълумотлар бериш бўйича институтимизнинг профессор-ўқитувчилари чуқур изланишлар олиб бормоқдалар. Шу муносабат билан “Электр таъминоти ва қайта тикланувчан энергия манбалари” кафедрасининг 409 - гуруҳ талабаларини А.Қ.Давиров бошчилигида қайта тикланувчан энергетика жиҳозлари ишлаб чиқарадиган ташкилотлар билан ҳамкорлик ишларини олиб бориш ҳамда шу соҳа вакиллари билан назарий ва амалий билимларини алмашиниш мақсадида экскурсия ташкил қилинди. Талабалар билан “Халқаро қуёш институтига” бориб у ерда замонавий қуёш энергетик жиҳозлари, қуёш панеллари ва қуёш энергетикасига алоқадор барча қурилмалар ҳақида маълумотлар олинди. Талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларига етарлича жавоб олишди.
“ Электр таъминоти ва қайта тикланувчан энергия манбалари “ кафедраси ассистенти Алишер Давиров ахбороти
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов