"Бувижоним кийган либослар” кўрик-танлови
Барчамиз биламизки, либос — кишининг ташқи кўриниши, маънавий дунёси, тафаккури ҳамда ички хислатларини ўзида намоён эта олиш хусусиятига эгадир. Ҳар бир киши ўзи кийган либоси орқали бошқалар тасаввурида ким ва қандай одам эканлигини кўрсатиб беради. Бугунги кунда юртимизда кийиниш маданиятига бўлган эътибор талаб даражаси сифатида кўрилмоқда. Айни кунларда “Оммавий маданият” таъсири остида Европа мамлакатларида ҳозирда урфга кирган “йиртиқ-ямоқ” кийимларни биз кўча-кўйларда ёшларимизда ҳам кўриб бормоқдамиз.
Очиғи, охирги пайтларда буларни кўравериб, ажабланмай ҳам қўйдик. Жорий йилнинг 4 декабрь куни институтимизда Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Р. Чориев, институт ҳотин-қизлар қўмитаси раиси З. Хафизова, “Ер ресурсларини бошқариш” факультети декани Ш. Нарбаев, ва Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳ.Эшова ва “Қишлоқ хўжалигини механизациялаш” факультети хотин-қизлар кенгаши раиси Н.Ҳолиқова ташаббуси остида ўзбек миллий қадриятларини ўзида мужассамлаштирган “Бувижоним кийган либослар” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Ушбу танловни ўтказишимиздан асосий мақсад эса ёшларимизни маънавиятида тарихий қадриятларимизга бўлган эътиборини ошириш, келажакда улар баркамол инсон бўлиб тарбия топишига эришишдир.
Албатта, бунинг замирида ёшларимизнинг кийиниш маданиятига бўлган муносабати яхшиланади, шу билан бирга ўзбек миллий қадриятларимизни асраб-авайлашда давом этади. Тадбир давомида талаба қизлар тарихдан қизларимиз, онахонларимиз-у, бувижонларимиз кийган миллий либослардан кўргазмалар намойиш этишиб, энг яхши деб топилган либос эгаларига институт раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Институт хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Хафизова ва ЕРБ факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳуррият Эшова ахбороти
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов