Ибрат ва маърифатхона манзилгоҳида

Инсоннинг ҳолати ва кайфияти унинг руҳиятига боғлиқ. Руҳиятнинг тетиклигига сабаб эса санъат ва адабиётни ҳис этишдир. Театр худди шу маънода ибратхонадир. У - маънавиятнинг ўчоғи, маърифатнинг маёғи. У сўз, соз, овоз ҳамда ҳаракат билан маъно ташийди, манзара яратади. Сизда қайсидир маънода антипатия ва симпатия уйғотдими бас, демак, унинг таъсирчанлиги таъминланган бўлади. ТИҚХММИ нинг 300 чоғлик талаба ва педагоглари Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали ва драма театрига ташриф буюришди. Театрда 8-Март - Халқаро хотин-қизлар куни байрамига бағишланиб, "Биз соғинган қўшиқлар" деб номланган концерт дастури бўлиб ўтди. Байрам концертида турли спектакллардан лавҳалар намойиш қилинди. Жумладан, "Тоҳир ва Зуҳра", "Лайли ва Мажнун", "Олифта", "Қайчи қудалар" ва бошқа спектакллардаги куй-қўшиқ, рақслар ижро этилди. Театр актрисаси - Гуласал Раҳмонова ва актёр - Илҳом Атамирзаев кечада бошловчилик қилишди.

Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театри  актрисалари - Маъсуда Отажонова,  Зулфия Умирова, Дилором Абдуалимова, Мусаллам Дадажонова, Сурайё Юсупова; театр актёрларидан - Қобил Умиров, Омон Йўлдошев, Олтинбек Сапаралиев ва бошқалар турли роллар ижро этишди. Театр жамоасидан ташкил топган раққосалар турли рақслари билан спектакль парчаларидаги қўшиқларга ўзгача тароват бахшида этишди. Айниқса, актёр, муқаллид устаси, солист-вокалист - Нурбек Маматовнинг саҳнадаги ижролари томошабинларнинг гулдурос қарсакларига сабабчи бўлди. У устоз санъаткорларимизнинг овози, қилиқларига тақлид қилиш баробарида, қўшиқлар ҳам куйлаб, барчага кулгу улашди.

Театрнинг бир гуруҳ актёрлари томонидан тайёрланган мусиқий-томошавий дастур барчага бирдек маъқул келди. Дам қўшиқ, дам театр томошаларини уйғунликда тортиқ қилган театр аҳлининг дастури завқ-у шавқ бахш этибгина қолмай, балки талаба қизларимиз учун байрам олди табриги ҳам бўлди дейиш мумкин. Мумтоз шоирларимизнинг шеърлари билан айтиладиган умрбоқий яллалар ижро этилган пайтда институтимиз хотин - қизлар кенгаши раисаси Зулфия Ҳафизова беихтиёр ўтирган жойида уларга жўр бўлиб ҳатто, қўшиқ айтиб кетганини сезмасдан қолди.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, иқтидорли актёр, муқаллидлик санъатининг моҳир ижрочиси Нурбек Маметовнинг чиқиши эса барча томонидан олқишларга сабаб бўлди. У машҳур санъаткорлар Сойиб Хўжаев, Ҳамза Умаров, Воҳид Қодиров, Афзал Рафиқов, Эркин Комилов, Жўрахон Султонов, Оғабек Собировларнинг овози ва ижро манерасига тақлид қилиб барчани лол қолдирди. Кеча сўнггида ТИҚХММ институти доценти Р. Жуманиёзов сўзга чиқиб, актёр ва актрисаларга институт раҳбарияти ва жамоаси номидан миннатдорчилик билдирди ва барча аёлларни яқинлашиб келаётган 8-Март - Халқаро хотин-қизлар байрами билан табриклаганча шеърлар ўқиб берди. Кеча жуда қизиқарли ва мароқли ўтди. Тадбирни тасвирга олиш ва ёритиш бобида қилган хизматлари учун “Музаффар.уз” сайтининг раҳбари, истеъдодли журналист ва фотомухбир Музаффаржонга миннатдорчилик билдирамиз.

ТИҚХММИ матбуот хизмати