Қишки таътилдаги илк семинар
Муайян билимга эга бўлиш ва ўрганиш доимий равишда асқотиши аниқ. Бу борада ташкил этиладиган семинарларнинг аҳамияти катта. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 29.12. 2018 йилдаги 87-03-4549 - сонли хатига биноан талабаларнинг қишки таътили пайтида барча раҳбар ходимлар ва профессор-ўқитувчилар учун “Олий таълимни ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари: халқаро тажрибалар ва Ўзбекистон амалиёти” мавзусидаги тақдимот материаллари асосида семинарлар ташкил этиш бошланди.
Бугун 5 январь куни институтимизда ташкил этилган семинарда солиқ сиёсати билан боғлиқ муҳим масалаларга эътибор қилинди. Даставвал, институт ўқув-услубий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси Дадахон Ходжаев сўзга чиқди. У Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган норматив ҳужжатлар, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, олий таълим муассасалари сони ва қабул квоталари, янги ташкил этилган олий таълим муассасалари, олий таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро инновацион-корпоратив ҳамкорлик модели, Ўзбекистон-Россия таълим форуми, халқаро тажриба: олий таълимни ривожлантиришнинг инновацион экотизими, профессор - ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш, миллий рейтинг тизими ва унинг индикаторлари бўйича тақдимот дастури асосида маълумот берди.
Ундан сўнг институтимизнинг бош ҳисобчиси Илҳом Ҳасанов маош, ойлик миқдори борасида атрофлича тушунчалар бериб ўтди. Сўнгра таклиф этилган солиқшунос мутахассис минбарга таклиф этилди. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси академияси тренинг маркази "Солиқ муносабатлари" кафедраси мудири Асрор Валиев "Солиқ хизмати - инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори" мавзусида маъруза қилдилар.
Улар фуқароларнинг иш ҳақидан тўланадиган солиқлар, суғурта бадали 8% даромад солиғи бекор қилингани борасида сўз юритди. Сўнгра солиқ ставкаларининг ўзгариши, фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи, солиқ режимлари, солиқ қонунчилигига доир тушунтиришлар, тадбиркорларни қийнаб келган бухгалтериясига кўмаклашиш, электрон ҳисоб-фактура тизими, ҳисоботларини тайёрлаш ва топшириш хусусида муфассал маълумот бериб ўтдилар. Улар соҳа мутахассиси сифатида институт ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб бериб баъзи муаммоларга ойдинлик киритдилар.
Давлатнинг қиёфати, тузум ва тизим моҳияти, тараққиёт асоси Солиқ тизими билан боғлиқлиги аён. Бошқариш ва таъминот, ишлаб чиқариш ва фойдаланиш борасида солиқ тизими давлат ва шахс орасидаги кўприкдир. Уни билиш ва ўрганиш давлат ва шахс орасидаги ишончни мустаҳкамлайди.
Институт Матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов