“ Эрасмус+ Ахборот куни” номли тадбир бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 4 октабр куни Ўзбекистондаги Эрасмус+ Миллий Офиси (NEО) томонидан Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида “ Эрасмус+ Ахборот куни” деб номланган тадбир ташкил этилди. Мазкур тадбирда лойиҳаларга ҳужжат топшириш, уларга қўйиладиган талаблар, лойиҳани ёзиш ва бошқариш бўйича ахборот ҳамда кўрсатмалар берилиб, муваффақиятли амалга оширилаётган лойиҳа раҳбарлари ўзларининг тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, Европа Иттифоқининг Эрасмус+ дастури доирасида Республикамиз ОТМлари томонидан ҳамкорликда амалга оширилган ва амалдаги халқаро лойиҳалар кўргазмаси ҳам ташкил этилиб, бунда бир қатор турли йўналиш ва соҳаларга қаратилган лойиҳалар иштирок этдилар. Жумладан, мазкур кўргазмада институтимизнинг “DSinGIS: Геоинформатика соҳасида докторантура” лойиҳаси жамоаси – лойиҳанинг Ўзбекистондаги Миллий координатори ва “Ердан фойдаланиш” кафедраси таянч докторанти И.Абдураҳманов, “Геодезия ва геоинформатика” кафедраси катта ўқитувчиси М.Акбаров, Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Ш.Рахмонов, “Геодезия ва геоинформатика” кафедраси таянч докторанти З.Маматқулов, ва Халқаро ҳамкорлик бўлими услубчиси А.Хамралиев иштирок этдилар.

Кўргазма давомида DSinGIS лойиҳасига тадбир иштирокчилари орасидан қизиқувчилар кўпайиб, лойиҳа тўғрисида умумий маълумот, унинг мақсади ва вазифалари ҳақидаги маълумотларга эга бўлдилар, шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Мазкур лойиҳа доирасида олинган Геодезик техник воситалар ҳам кўргазма иштирокчилари диққатини тортди. “Геодезия ва геоинформатика” кафедраси таянч докторанти З.Маматқулов кўргазма иштирокчилари учун қурилмалардан фойдаланиш йўли ҳамда олинган натижаларни таҳлил қилиш усуллари тўғрисида тушунчалар берди. Кўргазмада иштирок этган барча лойиҳалар бир қатор Европа ҳамда Осиё давлатларидан ташриф буюрган экспертлар томонидан ўрганиб чиқилиб, турли критериялар бўйича баҳоланди. Унда институтимизда амалга оширилаётган “DSinGIS: Геоинформатика соҳасида докторантура” лойиҳаси кўргазмада иштирок этган халқаро Эрасмус+ лойиҳалари орасида фахрли 1-ўринни қўлга киритди.

DSinGIS лойиҳаси ҳақидаги батафсил маълумотларни лойиҳанинг қуйидаги wеб саҳифалари орқали олишингиз мумкин: http://geoinformatics.uz/dsingis/ ,  http://www.dsingis.eu/

Халқаро ҳамкорлик бўлими услубчиси А.Хамралиев ахбороти

Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов