“Уй ” ҳақида ўй
Одамзот олам ҳақида, ўзи яшаётган замин ҳақида чуқурроқ ўйлаб мушоҳада қилса, у ҳақда кенгроқ маълумотга эга бўлса, ҳаётнинг моҳиятини теран идрок этади. Худди шу маънода институтимизда янгидан таъмирланган муҳташам маданият саройида профессор ўқитувчилар иштирокида ректоримиз Умурзаков Ўктам Пардаевичнинг ташаббуслари билан француз кино ижодкорлари томонидан яратилган “Home” (Уй) деб номланган фильм намойиш этилди. Сал кам икки соат давом этган ушбу фильм профессор ўқитувчиларни мушоҳадага чорлагани аниқ. Фильмнинг Дрон-ҳаво видео камераси билан олингани ҳам бежиз эмас. Ҳаётга воқеликка тор доирада эмас, балки кишида кенгроқ қараш туйғусини уйғотади. Одамзот одатда икир-чикирларга ўралашиб, майда масалалар билан машғул бўлади. Фильм муайян ҳудуд билан эмас, балки, инсоният тақдирига она сайёрамиз тарихига кенгроқ назар ташлашга чорлайди.
Тўрт миллиард йиллик она ер деб аталмиш сайёрамизда икки юз минг йиллик тарихга эга бўлган башариятнинг бугунги кунгача бўлган ҳаёт тарзи, она табиатга бўлган муносабати таъсирчан лавҳалар орқали ифода этилган. Табиат ва жамиятнинг бир бутунлиги одамзотнинг, ер сайёрасининг қисматига боғлиқлиги аён. Ер башариятга сув, ҳаво, тупроқ, кислород, ер ости ва усти бойликларини берган. Ундан унумли ва оқилона фойдаланиш одамзотнинг ақл-идрок билан иш тутишига боғлиқлиги фильмда уқтирилган. Уй бу тор маънодаги хонадон эмас, балки одамзот яшаб нафас олаётган ер вав унинг қадр-қийматидир. Кишилик жамиятининг бардавомлиги, элларнинг барҳаётлигига мезон ҳам ана шу улуғ ҳақиқатга содиқ қолишдир. Шундагина шоир ибораси билан айтганда, “собиту сайёра содиқ ўзинг, инсон ўзинг” дейишга ҳақли бўламиз. Ушбу фильм институтимизнинг педагоглар жамоасида катта таассурот уйғотибгина қолмасдан, балки табиат неъматларига, яъни сув, ҳаво ва атроф муҳитга оқилона ҳамда одилона муносабат билан ёндашиш заруриятини ҳам англатганини инкор қилиш қийин.
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов