Талабалар учун байрам оши

Хабарингиз бор, янги 2020-йил кириб келиши ҳамда янги йил байрам тадбирлари Республикамизнинг барча ҳудудларида давомий бўлмоқда, халқимиз хурсандчилик ва тинчлик билан ушбу йилни кутиб олди. Шунингдек, жорий ўқув йилида Олий таълим муассасалари талабаларининг қишки таътили 2019-йилнинг 20-декабрдан 2020-йилнинг 6-январига қадар муддатда белгиланган эди. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти талабаларини янги йил билан табриклаш ҳамда таътилдан қайтган талабаларнинг 2020-йил биринчи ўқиш кунини бошлаш олдидан институт раҳбарияти ҳар бир Талабалар турар жойида алоҳида жами 130 кг ош тайёрланиб, тарқатилди.

Талабаларни кўтаринки кайфият билан институт раҳбарлари, факултет раҳбарлари кутиб олишди. Ҳар бир хонага ош тарқатилди. Янги йилда янги ўқув жараёни бошланиши олдидан бу оддийгина эътибор талабалар учун кутилмаган совға бўлди десак, адашмаган бўламиз. Ушбу хайрли ишни амалга оширган, талабаларга бўлган ҳурматни кўрсатиб берган,  институт раҳбариятига барча талабалар номидан катта миннатдорчилик билдирамиз. Барчани яна бир бор янги йил билан табриклаймиз. Институт жамоасини ўқиш ва ишларида омад тилаб, янги йилда улкан марраларни босиб ўтиш барчамизга насиб этсин деб қоламиз.

Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов