АҚШ университетлари билан ҳамкорлик доираси кенгаймоқда

"Тракторлар ва автомобиллар" кафедрасида бажарилаётган «Хорижий университетлардаги инновацион ечимларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигида муҳандис кадрларни тайёрлаш дастурларини такомиллаштириш» мавзусидаги грант лойиҳа бўйича АҚШни Оклахома ва Миссисипи штатлари университетлари, Девис шаҳридаги Калифорния университети билан ҳамкорлик қилинмоқда. Бугунги кунда ушбу университетлар ўқув режалари таҳлил қилиниб Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш йўналишида “Тракторлар ва қишлоқ хўжалиги машиналаридан суюқлик энергиясидан фойдаланиш ва гидравлик тизимлар”, “Тракторлар ва қишлоқ хўжалиги машиналарида фойдаланилган электрон тизимлар ва жиҳозлар” фанлари, Қишлоқ хўжалигида инновацион техника ва технологияларни қўллаш йўналишида “Аниқ координатали қишлоқ хўжалиги асослари ва воситалари”, “Аниқ координатали қишлоқ хўжалигида маълумотларни таҳлил қилиш” фанларини ўқув режаларига янги фанлар сифатида киритиш режалаштирилди.

Ўтган йили лойиҳа доирасида амалга оширилган хизмат сафари давомида Миссисипи штати университети билан Аниқ координатали қишлоқ хўжалиги (Precision Agriculturе) ва Қишлоқ хўжалигида бизнес (Agricultural Business) қўшма магистратура дастурлари устида ишлашга Оклахома штати университети билан талабалар ёзги амалиётларини ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинганди. Ҳозирда бу ташаббуслар АҚШ давлат департаменти томонидан қўллаб қувватланиб, бу ишларни амалга ошириш учун UniCEN дастури томонидан кичик грантлар ажратилди (https://unicen.americancouncils.org/unicen-selection-results/ сайтига қаранг). Ушбу грантлар доирасида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилиш учун Миссисипи штати университети билан 7 январ куни, Оклахома штати университети билан 1 феврал кунлари интернет орқали онлайн учрашувлар ташкил қилинди.

10-11 феврал кунлари Миссисипи штати университети халқаро лойиҳалар бўлими бошлиғи Брайн Фаррел институтимизга ташриф буюриб институт ва ҚХМ факультети билан яқиндан танишди. Ташриф давомида қўшма магистратура дастурлари бўйича бажариладиган ишлар муҳокама қилинди, профессор-ўқитувчилар ва магистрантлар билан учрашувлар ташкил қилинди, шунингдек Брайн Фаррел Миссисипи штати университетидаги шарт-шароитлар ва ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ масалалар бўйича тақдимот қилди. Тақдимотдан сўнг профессор-ўқитувчилар ва магистрантларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар берилди.

 

 

 ТИҚММИ матбуот хизмати